Жаҳон | 17:48 / 22.11.2024
2447
3 дақиқада ўқилади

Трамп Пэм Бондини бош прокурор лавозимига янги номзод сифатида кўрсатди

Аввалги номзод — конгрессмен Метт Гетц гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда ва вояга етмаганлар билан алоқада айблангани сабаб ўз номзодини чақириб олганди. Пэм Бонди Трампнинг биринчи импичменти пайтида унга адвокатлик қилган.

Фото: AP

Доналд Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига янги номзодни танлади. Аввалги номзод — конгрессмен Метт Гетц гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда ва вояга етмаганлар билан алоқада айблангани сабаб ўз номзодини чақириб олганди.

Янги номзод Флориданинг собиқ бош прокурори 59 ёшли Пэн Бонди бўлиб, у мазкур лавозимда 2011 йилдан 2019 йилга қадар фаолият юритган (ва бу лавозимга тайинланган биринчи аёл ҳамдир).

2019 йили Трампнинг ҳокимиятни суиистеъмол қилиш айбловлари бўйича биринчи импичменти пайтида Пэм Бонди унинг адвокатларидан бири бўлган. У бошқа жиноий ишларда ҳам Трампни қўллаб-қувватлашга келган ва мазкур ишларни юритган прокурорларни танқид қилган. Шунингдек, Бонди Трамп администрациясининг собиқ ходимлари томонидан асос солинган America First сиёсат институтида ҳуқуқ ва адлия бўлими раисдошларидан ҳисобланади.

Бонди Трампнинг эски тарафдорларидан. Янги сайланган президент Truth Social ижтимоий тармоғига Бондини узоқ йиллардан бери билишини ва прокурор лавозимида у «жиноятчиларга қарши жуда қаттиқ» турганини ва кўчаларни Флорида аҳолиси учун хавфсизга айлантиргани ҳақида ёзиб қолдирди. «Партиявий Адлия вазирлиги жуда узоқ вақт мен ва бошқа республикачиларга қарши қурол бўлиб келди — энди бундай бўлмайди. Пэм Адлия вазирлигини янги вазифаларга — жиноятга қарши курашиш Американи яна хавфсиз қилишга қаратади», — деб ёзади Трамп.

13 ноябр куни Трамп Вакиллар палатасининг Республикачилар партиясидан аъзоси Мэтт Гетцни бош прокуратура ва АҚШ Адлия вазирлиги раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Сайланган президент фикрича, Гетц Америка чегараларини ҳимоя қилиб, «жиноий гуруҳларни яксон этади ва америкаликларнинг Адлия вазирлигига синган ишончини тиклайди».

2021 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Гетцни жинсий қуллик мақсадида одам савдоси билан шуғулланишда айблаб, тергов бошлаган. Конгрессмен 17 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилишда ва ўзи билан сафарларда бирга юриши учун пул тўлашда гумон қилган. У бу айбловларни рад этган. 2023 йил февралида вазирлик терговни якунлаган ҳамда унга қарши айбловлар қўймаган. The Washington Post маълумотига кўра, айблов томони иш бўйича икки асосий гувоҳнинг кўрсатмаларини шубҳали деб топган. 

21 ноябр куни Гетц ўз номзодини чақириб олишини эълон қилди. Унинг айтишича, ўзи атрофидаги машмашалар «Трамп ва Вэнс жамоаси эътиборини муҳим ишлардан асоссиз чалғитади».

Мавзуга оид