Жаҳон | 15:13
1961
3 дақиқада ўқилади

ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда

Германия ҳукумати вакиллари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакатга келганида ҳибсга олинадими, деган саволга аниқ жавоб бера олмади.

Фото: Reuters

Германия ҳукумати Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан чиқарилган ордер асосида мамлакатда ҳибсга олинадиган вазиятни ҳозирча тасаввур қила олмайди. Бу ҳақда 22 ноябр, жума куни Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Ҳебештрайт маълум қилди.

Бундан ташқари, Ҳебештрайтнинг аниқлик киритишича, Нетаняҳу ҳибсга олиниши масаласи фақат у Германияга келган тақдирдагина пайдо бўлади. «Айни пайтда, немис тарихи туфайли биз Исроил олдидаги ноёб муносабатларга ва катта масъулиятга эгамиз», деди у ҳибсга олиш ордери билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга ойдинлик киритишга ваъда бериб. Reuters агентлигининг қайд этишича, ҳукумат вакили Нетаняҳу Германияда кутилган меҳмон бўладими, деган саволга жавоб бермаган.

Ўз навбатида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Берлин «бу (Нетаняҳунинг ҳибсга олиш ордери) Германия учун айнан нимани англатишини ўрганаётганини» айтди.

Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди

Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бергани «ғазабланарли». Бу ҳақда 21 ноябр куни АҚШ президенти Жо Байден баёнот берди.

«Халқаро жиноий суднинг Исроил раҳбарларига нисбатан ҳибсга олиш учун ордер бергани ғоят ғайритабиийдир. Яна бир бор аниқ айтиб ўтаман: ХЖС нима демасин, Исроил ва Ҳамас ўртасида тенглик йўқ. Биз таҳдидларга қарши доимо Исроил билан бирга бўламиз, унинг хавфсизлиги учун ишлаймиз», дейилади Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳужжатда.

Аввалроқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши АҚШ «(ХЖС) прокурорининг ҳибсга олишга ордер беришдаги шошқалоқлиги ва бу қарорга олиб келган муаммоли процессуал хатолардан қаттиқ хавотирда экани» ҳақида баёнот тарқатган эди.

Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Суднинг ўз «полицияси» бўлмагани учун Рим статутига аъзо бўлган 124 давлат унинг қарорлари ижроси учун масъулдир, дея эслатади AFP.

Айни пайтда, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галантнинг ХЖС ордерларига мувофиқ ҳибсга олиниши мажбурий қарор эканини айтди. «Бу сиёсий қарор эмас ва суд қарори ҳурмат қилиниши ва амалга оширилиши керак», деди Боррел 21 ноябр куни Иорданиядаги матбуот анжуманида журналистларнинг изоҳ бериш сўровига жавобан. 

Мавзуга оид