Жаҳон | 23:47 / 23.11.2024
1183
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди

Полша прокуратураси собиқ судя Томаш Шмидтни чет эл разведкасига алоқадорликда ва республикага зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этишда гумонламоқда.

Фото: Telegram / Tomasz_Szmydt

Беларус президенти Александр Лукашенко полшалик собиқ судя Томаш Шмидтга бошпана бериш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизматига яқин бўлган Telegramʼдаги «Пул Первого» канали хабар берди.

Томаш Шмидт Варшава маъмурий судининг иккинчи бўлинмаси судяси бўлган. 6 май куни Минскда ўтказилган матбуот анжуманида у лавозимидан воз кечиб, Беларусдан сиёсий бошпана сўраган. Шмидт ўшанда «Полша ҳукумати Беларус ва Россияга нисбатан адолатсиз ҳамда ғирром сиёсат олиб бораётганига» норозилик сифатида истеъфога чиққанини айтган эди.

Полша прокуратураси Шмидтни чет эл разведкасига алоқадорликда ва республикага зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этишда гумонламоқда.

«Тўғрисини айтсам, шокдаман. Қачонлардир бизда хоин бўлганди ва бу ҳам шунга ўхшаш воқеа», — дея судянинг қочиб кетганига изоҳ берди Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский. У полшалик собиқ чегарачи Эмил Чечкани эслаган — чегара хизмати ходими 2021 йил декабрда Беларусга қочиб ўтганди, 2022 йил мартда эса қочоқ Минскда ўлик ҳолда топилган.

Лукашенко судянинг қочиб кетишини «Полша ҳукуматига зарба» деб атаб, куч тузилмалари вакилларига Шмидтдан бохабар бўлиб туришни буюрган.

Мавзуга оид