Ўзбекистон | 17:31
5617
2 дақиқада ўқилади

Собиқ дипломат Қодиржон Юсупов вафот этди

Халқаро ташкилотларнинг маълум қилишича, собиқ дипломат 14 ноябрь куни 73 ёшида вафот этган. Юсупов 2018 йилда давлатга хиёнатда айбланиб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, шу йил июнь ойида жазони ўтаб, озодликка чиққанди.

Давлатга хиёнатда айбланиб, қамоққа олинган собиқ ўзбек дипломати Қодир Юсупов 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти – Норвегия Хелсинки қўмитаси хабар берди. Ҳуқуқ ташкилотларига кўра, Юсупов руҳий касалликдан азият чекаётган бўлган.

Қодиржон Юсупов Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия, Судан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТ доимий ваколатхонасида ишлаган. 2009 йилда у хизмат муддати тугаши муносабати билан Венадан Тошкентга қайтиб келди.

2018 йил 3 декабрь куни у Тошкент шаҳридаги «Пушкин» метро бекатида рельсларга йиқилиб тушди. Унинг оиласи бу оғир психологик ҳолат туфайли ўз жонига қасд қилишга уриниш бўлганини маълум қилган эди.

Собиқ дипломат жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. 10 декабрь куни Қодиржон Юсупов хорижий давлатлар фойдасига давлатга хиёнат қилганликда айбланиб ҳибсга олинди ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинди.

Ҳарбий суд ишни 2019 йил 24 июнь куни кўришни бошлади. Жиноят иши бўйича суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Дипломат 2020 йил январида давлатга хиёнатда айбланиб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Қодиржон Юсупов 10 июнь куни жазони тўлиқ ўтаб, озодликка чиқди. Жазони ўташ муддати ҳибсга олинган кун — 2018 йил 10 декабрдан бошлаб ҳисобланган. 

Мавзуга оид