21 май куни Исроил аскарлари Ғарб давлатларининг юқори мартабали дипломатлари, фаластинлик расмийлар ва журналистлар иштирок этаётган делегацияни тарқатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узди. Делегация Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги шаҳар – Женинни айланиб чиқаётган эди. Бу ҳақда Фаластин маъмурияти ва ҳодиса жойидан олинган телевидение лавҳаларига таяниб, New York Times хабар бермоқда.
Ҳодиса натижасида ҳеч ким жароҳат олмаган, бироқ бу ҳолат Ғазо ва Ғарбий Соҳилда олиб борилаётган ҳаракатлар туфайли Исроил ва унинг халқаро ҳамкорлари ўртасидаги аллақачон таранглашган муносабатларни янада кучайтирди. Ўқ узиш воқеаси Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилдан Ғазодаги урушни тўхтатишни талаб қилганидан икки кун, Британия эса Исроил билан савдо музокараларини тўхтатганидан бир кун ўтиб содир бўлди.
Ушбу уч давлат дипломатлари чоршанба куни Фаластин маъмурияти вакиллари билан бирга Женин шаҳрини кўздан кечираётган катта дипломатик делегация таркибида бўлган. Фаластин маъмурияти бу ташрифни Исроил ҳарбийлари томонидан қуролли гуруҳларга қарши амалиётлар баҳонасида шаҳарнинг бир четидаги ҳудуд эгаллаб олиниб, қисман вайрон қилинганини кўрсатиш учун ташкил қилган эди.

Бу ҳудуд «Женин қочқинлар лагери» деб аталади. Бу ерда, асосан, 1948 йил атрофидаги урушларда ўз уйларидан қувиб чиқарилган фаластинликларнинг авлодлари яшайди. Видеога кўра, ташрифнинг охирида, делегация аъзолари аскарлардан тахминан 70 метр масофада турган бир пайтда, Исроил аскарлари камида етти маротаба огоҳлантирувчи ўқ узган. Видеоларда кўрсатилишича, ўқ узиш журналистлар билан интервьюлар ўтказилаётган, баъзи расмийлар эса аскарларга орқа қилиб турган пайтда бошланган. Ўқ овозидан сўнг делегация тезда орқага чекиниб, баъзилар ён кўчага яширинди.







