Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Карбонат ангидрид иқлим учун зарарли, аммо инсон организмига фойдали — тадқиқот
Янги тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, эриган CО₂ бикарбонатга айланиб, ҳужайралардаги асосий кимёвий реакцияни ўзгартиради ва ДНКнинг шикастланишини камайтиради.
Танамиз ҳужайраларида водород пероксид (H₂О₂) нафақат “тозаловчи” ролини ўйнайди, балки муҳим сигналларни узатишда ҳам иштирок этади. Бироқ стресс ҳолатларида, масалан яллиғланиш вақтида, H₂О₂ темир билан реакцияга киришиб (Фентон реакцияси), гидроксил радикалларини ҳосил қилади. Бу молекулалар ДНК ва РНКга тартибсиз равишда ҳужум қилиб, генетик даражада жиддий шикаст етказиши мумкин.
Юта университети олимлари кимё профессори Синтия Берроуз раҳбарлигида CО₂ дан ҳосил бўлган бикарбонат Фентон реакцияси оқибатларини юмшатиши мумкинлигини аниқлади. Бунда агрессив гидроксил радикаллар ўрнига карбонат радикаллари ҳосил бўлади. Ушбу радикаллар ДНКга танлаб таъсир кўрсатади, тўртта азотли асосдан фақат биттасини — гуанинни шикастлайди.
Берроуз кашфиёт ҳужайра кимёсини тушунишда ғоят муҳим эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳужайра муҳитида буфер вазифасини бажарувчи бикарбонат темир билан боғланиб, реакция характерини бутунлай ўзгартиради. Натижада камроқ зарарли бирикмалар ҳосил бўлади, бу эса ДНКнинг тасодифий шикастланиш хавфини пасайтиради.
“Карбонат радикаллари гўё нишонга аниқ урилган найза каби фақат гуанинни зарарлайди, гидроксил радикаллари эса худди сочма милтиқдан отилгандек таъсир кўрсатади”, — деб изоҳлади профессор.
Кашфиётдан сўнг илгари ҳужайравий стресс бўйича ўтказилган кўплаб лаборатория тадқиқотлари нотўғри бўлиши мумкин, деган хулосага келинди. Гап шундаки, стандарт тажрибаларда ҳужайралар табиий муҳитини қайта тиклаш учун CО2 миқдори юқори бўлган инкубаторларда ўстирилади. Аммо ҳужайралар инкубатордан олиниши биланоқ, CО₂ нинг таъсири йўқолади ва бикарбонат ўзининг ҳимоя вазифасини бажаришни тўхтатади. Шу сабабли, тажриба натижалари етарлича аниқ бўлмаслиги мумкин.
Мутахассислар тажрибаларга бикарбонат қўшишни тавсия этмоқда, чунки бу ҳужайра ичидаги ҳақиқий шароитларни яхшироқ акс эттиради. Бу кашфиёт лабораториялардан ташқарида ҳам қўлланилиши мумкин. Масалан, мутахассислар космик капсулалар ёки сув ости кемалари каби ёпиқ макондаги одамларга карбонат ангидрид газининг таъсирини ўрганишни режалаштирмоқда.
Олимларнинг тахминига кўра, CО₂ даражасини бироз ошириш организмни радиация шикастланишидан ҳимоя қилиши мумкин. Бу кашфиёт космонавтларни космик радиация таъсиридан ҳимоя қилиш усулларини ишлаб чиқиш учун янги истиқболларни очади.
Тадқиқот карбонат ангидрид нафақат глобал иқлим омили сифатида аҳамиятли экани, балки ҳужайраларнинг ички кимёвий ҳимоясида муҳим роль ўйнашини исботлайди. Ушбу хулосалар қариш жараёни, саратон касалликлари ва оксидланиш стресси билан боғлиқ бошқа патологияларнинг ривожланиш механизмларини янада чуқурроқ ўрганишга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Мавзуга оид
22:06 / 10.06.2026
Мутахассислар 8 соатлик уйқу ҳақидаги афсонани рад қилди: аслида қанча ухлаш керак?
20:10 / 02.06.2026
Олимлар ҳаводаги пластик зарралари яширин хавф эканини аниқлади
22:32 / 01.06.2026
Ҳар куни қаҳва ичишнинг саломатлик учун 4 та фойдаси
17:17 / 31.05.2026