Ўзбекистон | 21:29 / 29.11.2024
1828
5 дақиқада ўқилади

29 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

3 ёшли гўдакнинг қотилига 24 йил қамоқ, Оққўрғонда калтакланган ўқувчи, тарихий рекордни янгилаган доллар курси ва темирйўл транспорти тўғрисида янги қонун — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Гўдакнинг қотилига 24 йил қамоқ жазоси

Тошкент шаҳрида 3 ёшли боланинг ваҳшийларча ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят бўйича суд ҳукми ўқилди. 31 ёшли судланувчи С.М. Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш, инсон ҳаётига тажовуз қилиш ва қонунга хилоф равишда моддалар сақлаш каби бир неча моддалари билан айбдор деб топилди.

У 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазонинг дастлабки 4 йили турмада, қолган қисми эса қаттиқ тартибли колонияларда ўтади.

Маълум бўлишича, жиноят содир этилган пайтда судланувчи гиёҳвандлик моддалари таъсири остида бўлган. У бирга яшаган аёлнинг 3 ёшли ўғлини ўз қўли билан ўлдирган. Бола ухлаётган вақтида унинг юзига йиғма пичоқ билан кўплаб жароҳат етказган.

Суд жараёнида қотил воқеани эслай олмаслигини айтган, бироқ экспертизалар унинг ақли расо эканини тасдиқлаган.

Мактабдаги зўравонлик болалар омбудсмани назоратига олинди

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида информатика ўқитувчиси 9-синф ўқувчисини калтаклагани ҳақидаги видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолатни назоратга олгани ва терговга қадар текширув ишлари бошлангани маълум қилинди.

Текширувга кўра, 6-умумтаълим мактабидаги ўқитувчи ўқувчини дарс пайтида чалғитганлик айби билан ҳақорат қилиб, уни урган.

Ҳодиса 9 октябр куни содир бўлган. Жабрланган ўқувчига жароҳат даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Шунингдек, Болалар омбудсмани мактабларда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўришни таклиф этмоқда.

Доллар курси тарихий рекордни янгилади

Ўзбекистонда доллар курси илк бор 12 минг 925 сўмга етди. 29 ноябрдан бошлаб расмий курс 12 минг 865 сўм қилиб белгиланди. Бу ўтган кундан 16,67 сўмга юқори. 2024 йил бошидан буён ўзбек сўми долларга нисбатан 4,26 фоизга қадрсизланган.

Расмий курс йил давомида бир неча маротаба ошди: апрелда 12 минг 700 сўмдан, октябрда 12 минг 800 сўмдан ошган эди. Миллий валюта қадрсизланиши инфляцияга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, 2025-2027 йилларга доллар курсига оид прогнозлар эълон қилинган: 2025 йилда ўртача 13 минг 250 сўм, 2026 йилда 13 минг 725 сўм, 2027 йилда эса 14 минг 150 сўм бўлиши кутилмоқда.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг таъкидлашича, валюта курсининг 1 фоиз қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир ўтказади. Миллий валюта 2022 йилда 3,94 фоизга, 2023 йилда эса 9,7 фоизга қадрсизланган эди.

Темирйўл транспорти тўғрисида янги қонун

Темир йўл транспорти соҳасини тартибга солувчи қонун президент томонидан имзоланди. Унда темирйўл транспорти фаолиятининг қонунийлик, хавфсизлик, экологик тозалик ва очиқлик каби асосий принциплари белгиланди.

Давлат органлари темирйўл ходимларининг ишига аралашиши тақиқланди. Қатновлар ички, халқаро, транзит ва махсус турларга бўлинди.

Қонун йўловчиларга беш ёшгача бўлган болалар, 36 кг қўл юки ва ногиронлар учун зарур техник воситаларни бепул ташиш ҳуқуқини берди. Тарифлар йўловчи, юк, багаж ва почта ташиш учун алоҳида белгиланади.

Тошкент вақти ягона ҳисоблаш вақти сифатида қабул қилинди. Қонуннинг катта қисми 2025 йилнинг 1 январидан, қолган қисми эса олти ой ичида кучга киради.

Меҳнат бозорида талабгор касблар

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўтказган сўров натижаларига кўра, савдо соҳаси мутахассислари меҳнат бозорида энг талабгор ҳисобланади.

Жумладан, онлайн савдо соҳасида фаолият юритувчиларга эҳтиёж юқори. Савдо корхоналарининг улуши республика бўйича 32,5 фоизни ташкил этгани бу талабни асослайди.

Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида ҳам талаб юқори. Механиклар, агрономлар, трактор ҳайдовчилари каби мутахассисларга эҳтиёж сезиларли. Шунингдек, тикувчилар ва тўқувчиларга талаб ошган.

Таълим соҳасида чет тиллар, математика ва IT ўқитувчилари энг талабгорлар қаторидан ўрин олди. Давлат ва хусусий секторларда эса бухгалтерлар, маркетологлар, IT дастурчилар ва кадрлар бўйича мутахассисларга эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Малака талаб этмайдиган фаррош ва боғбонларга бўлган талаб юқорилиги ҳам қўнимсизлик даражаси билан боғлиқ экани қайд этилган. Институт касблар доирасини кенгайтиришни ва натижаларни жамоатчиликка етказишни мақсад қилган.

Мавзуга оид