Жаҳон | 09:55
3245
2 дақиқада ўқилади

Шушарида Aurus ишлаб чиқариш номаълум муддатга қолдирилди

Россия ҳукумати ҳашаматли ва юқори тоифали автомобиллар ишлаб чиқариш учун хитойлик инвесторларни жалб қила олмади.

Фото: AP

Санкт-Петербург яқинидаги Шушаридаги собиқ Toyota заводида ҳашаматли ва юқори тоифали Aurus автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда 28 ноябр, пайшанба куни «Ведомости» хабар берди.

27 ноябр куни «Россия саноатчиси» халқаро кўргазма-форуми арафасида Санкт-Петербург саноат сиёсати, инновациялар ва савдо қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Александр Ситов ҳам ушбу автомобиллар шу йилнинг охиригача ишлаб чиқарилмаслигини айтди. 2024 йил май ойида бош вазир ўринбосари Денис Мантуров 2025 йилгача Шушарида Aurus ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ваъда берган эди.

«Ведомости» суҳбатдошлари вақт ўзгаришини Aurus Хитойдан бўлажак ҳамкор билан келиша олмагани билан изоҳлади. Нашр манбаларидан бирининг аниқлик киритишича, Хитойнинг Hongqi (FAW'нинг люкс бўлими) ширкатини Шушарига жалб этилиши режалаштирилган, бироқ инвестор санкциялар туфайли ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Aurus компанияси 2024 йил февралида санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Саноат ва савдо вазирлиги вакили нашрни Шушарида автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалари долзарблигича қолаётганига ишонтириб, вақт «мослашувчан» эканлигини таъкидлади. Аввалроқ, Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги 2025 йил охирида Елабугадаги заводда Aurus Senat русумли автомобилларни серияли ишлаб чиқариш бошланишини ваъда қилган эди.

Мавзуга оид