Жаҳон | 14:09 / 28.06.2024
21299
3 дақиқада ўқилади

Путин Кимга совға қилган Aurus’да Жанубий Корея деталлари бўлган - Reuters

Россия президенти КХДР етакчисига совға қилган Aurus лимузинида Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган қисмлар бўлган. Ким бу давлатни ўз мамлакатининг «асосий душмани» деб атаган.

Фото: AP

Россия президенти Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Инга КХДРга ташрифи чоғида совға қилган Aurus лимузинининг кўплаб қисмлари импорт қилинган, деб хабар берди Reuters 28 июн, жума куни. Автомобилни ишлаб чиқарувчи Aurus Motors компанияси Ким ўз мамлакатининг «асосий душмани» деб атаган Жанубий Кореядан импорт қилинган миллионлаб долларлик эҳтиёт қисмлардан фойдаланади. Бу Россиянинг Ғарб технологияларига қарамлиги давом этаётганидан далолат беради, дея қайд этади Reuters. 

2018 йилдан 2023 йилгача Aurus автомобиллари ва мотоциклларини йиғиш учун агентлик томонидан кўриб чиқилган божхона ҳужжатларига кўра, Россия чет элдан камида 34 миллион долларлик асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни олган. Жанубий Кореядан қарийб 15,5 миллион долларлик автомобил кузов қисмлари, сенсорлар, дастурлаштириладиган контроллерлар, калитлар, пайвандлаш ускуналари ва бошқа бутловчи қисмлар келтирилди. Эҳтиёт қисмлар Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Европа Иттифоқи давлатларидан ҳам келган. 

Aurus Motors учун хориждан етказиб бериш Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужумидан кейин ҳам давом этди, 2022 йил февралидан буён қарийб 16 миллион долларлик асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар импорт қилинди, жумладан, 5 миллион доллар миқдорида Жанубий Кореядан. Aurus Motors ва унинг бош директори Андрей Панков Reuters агентлигининг компания автомобилларида хорижий деталлар, жумладан, Жанубий Кореядан келган қисмлардан фойдаланилаётгани ҳақидаги сўровларига жавоб бермади. 

Жанубий Корея фирмалари - Aurus учун асосий импортчилар

Aurus компанияси Татаристонда 2021 йилда расмий ишлаб чиқаришни бошлади. 2024 йилда у Санкт-Петербургдаги собиқ Toyota заводида қўшимча ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда. 2024 йил феврал ойида Aurus LLC АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган. 

Жанубий Корея фирмалари Aurus учун энг йирик етказиб берувчилари қаторига киради, жумладан саноат ускуналари ишлаб чиқарувчи Kyungki Industrial Co, кузов қисмлари ишлаб чиқарувчи BYT CO LTD ва аккумуляторлар етказиб берувчи Enertech International Inc. Россия автомобил ишлаб чиқарувчиси учун ускуналар Италиянинг пластик қисмлар ишлаб чиқарувчи Industrie Ilpea Spa ҳамда Ҳонгконгнинг Rain Electronics компанияси томонидан ҳам тақдим этилган.

Kyungki Industrial Co расмийси компания Aurus LLC’га эҳтиёт қисмлар етказиб берганини ва буни давом эттираётганини тасдиқлади. Компания эҳтимолий санкциялардан хавотирда эмас, деди матбуот котиби ва қўшимча маълумот беришдан бош тортди. Бошқа компаниялар Reuters сўровларига жавоб бермади. 

Совет пайтидаги ЗИЛ лимузини каби ретро услубда ишлаб чиқарилган Aurus Senat Россия президентининг расмий автомобилидир ва Путин томонидан 2018 ва 2024 йиллардаги президентлик инаугурациясида фойдаланилган. Ҳаммаси бўлиб компания тўртта автомобил моделини ишлаб чиқаради. Уларнинг нархи 46,625 миллион рублдан бошланади. Россиянинг Autostat таҳлилий агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Aurus Россияда 107 та машина сотган. 

Мавзуга оид