Жаҳон | 18:41 / 01.12.2024
4462
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Гуржистон билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди

Гуржистон Европа интеграцияси бўйича музокаралардан бош тортганидан сўнг, АҚШ ҳам стратегик ҳамкорликдан воз кечди.

Фото: GIORGI ARJEVANIDZE / AFP

АҚШ ҳукумати ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг Европа интеграцияси бўйича музокаралардан бош тортиши фонида Гуржистон билан стратегик ҳамкорликни тўхтатмоқда, деб маълум қилди Давлат департаменти.

«Гуржистон орзуси» партиясининг Гуржистонни ЕИ интеграцияси жараёнини тўхтатиш ҳақидаги қарори гуржи халқининг Европа Иттифоқи ва НАТО интеграциясига интилиши ҳақидаги конституциявий ваъдасига зид. Гуржистоннинг ЕИ аъзолигини тўхтатиб, «Гуржистон орзуси» Европа билан яқинроқ алоқалар ўрнатиш имкониятини рад этди ва Гуржистонни Кремл олдида янада заифроқ қилиб қўйди. «Гуржистон орзуси» партиясининг турли антидемократик ҳаракатлари умумий қадриятларга ва демократия, қонун устуворлиги, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга асосланган АҚШ-Гуржистон стратегик ҳамкорлигининг асосий тамойилларини бузди. Натижада Қўшма Штатлар бу механизмни тўхтатди», дейилади баёнотда.

Давлат департаменти, шунингдек, полициянинг ўз расмийлари ҳаракатларига норозилик билдирган Гуржистон фуқароларига нисбатан «ортиқча куч ишлатганини» қоралади. «Биз барча томонларни намойишларнинг тинч характерини таъминлашга чақирамиз», дейилади баёнотда.

Гуржистонда бош вазир Ираклий Кобахидзе 28 ноябр куни мамлакат Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йил охиригача тўхташини эълон қилди. Шундан сўнг, бу қарорга қарши намойишлар бошланиб кетди.

Намойишчиларни Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили қўллаб-қувватлади. 30 ноябр куни у мамлакатдаги «ягона мустақил, қонуний институт» бўлиб қолишини ва муддати тугашига қарамай, ўз лавозимини тарк этмаслигини маълум қилди. Гуржистон Ташқи ишлар вазирлигининг юздан ортиқ ходими ҳам Европа интеграцияси рад этилишига қарши чиқди ва бир қанча элчилар истеъфога чиқди.

Гуржистон Бош вазири Ираклий Кобахидзе намойишларни «мамлакат конституциявий тузумига ҳужум» деб атади ва уларни уюштирганликда европалик сиёсатчилар ва «бешинчи колонна»ни айблади.

Мавзуга оид