Жаҳон | 11:24 / 02.12.2024
3387
2 дақиқада ўқилади

Уйқунинг 46 дақиқа кўпроқ давом этиши инсон саломатлигини яхшилайди — тадқиқот

Тадқиқот муаллифлари соғлом ва узоқ ухлаш нафақат маълум бир инсон, балки бутун жамият фаровонлиги учун муҳимлигини таъкидлади.

Фото: picture-alliance

АҚШнинг Техас штатидаги Бейлор университети олимлари ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, кечаси қўшимча 46 дақиқа ухлаш инсоннинг стрессга бардошини оширади ва умумий соғлиғини яхшилайди. Бу ҳақда Medical Xpress портали The Journal of Positive Psychology журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига таяниб хабар берди.

Тажрибада 90 нафар иштирокчи қатнашди. Улар турли уйқу тартибига эга гуруҳларга бўлинди. Бир гуруҳ одатдагидан кечроқ ётса, иккинчиси эртароқ, учинчиси эса ўзларининг кундалик уйқу тартибига амал қилди. Тадқиқотчилар бир ҳафта давомида иштирокчиларнинг уйқу давомийлиги ва ўзини қандай ҳис қилишини кузатиб борди.

Натижалар шуни кўрсатдики, уйқунинг атиги 46 дақиқага ошиши иштирокчиларнинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатди. Узоқроқ ухлаганларда стрессга чидамлилик, онглилик ва умумий фаровонлик юқорилиги қайд этилди. Шунингдек, улар ҳаётдан қониқиш ва мақсадга интилувчанлик ҳиссини сезган.

Етарлича ухламайдиган иштирокчиларнинг, аксинча, стрессга чидамлилиги ва умумий саломатлиги ёмонлашди. Кунлик уйқунинг атиги 37 дақиқа камайиши бу иштирокчиларнинг руҳий барқарорлигини пасайтирди.

Бош тадқиқотчи Майкл Скаллиннинг таъкидлашича, соғлом ва узоқ ухлаш нафақат маълум бир инсоннинг, балки бутун жамиятнинг фаровонлиги учун муҳим. Унинг сўзларига кўра, яхши дам олган одамлар хайрия қилишга ва атрофдагиларга ёрдам беришга кўпроқ моил бўлади. Ўрта ёшдаги 2837 нафар киши иштирокида ўтказилган қўшимча тадқиқотлар кўрсатишича, кунига 7-9 соат ухлайдиган одамлар 7-45 фоиз кўпроқ хайрия ишлари билан шуғулланган.

Аввалроқ австралиялик олимлар тунда оғир кўрпадан фойдаланиш уйқусизликка қарши курашишга ёрдам беришини ва кайфиятни яхшилашини аниқлаганди.

Мавзуга оид