Жаҳон | 16:56 / 02.12.2024
3493
2 дақиқада ўқилади

Oxford луғати 2024 йил сўзини танлади

Инглиз тилининг машҳур луғати «одамнинг ақлий ёки интеллектуал ҳолатининг тахминий ёмонлашуви» деб таърифланган жаргон атамани йил сўзи деб эълон қилди.

Фото: pedestrian.tv

Инглиз тилининг Oxford луғати йил сўзини оммавий овоз бериш орқали танлади. Бу brain rot (мия чириши) ибораси бўлди.

Brain rot ибораси Oxford луғати томонидан «одамнинг ақлий ёки интеллектуал ҳолатининг тахминий ёмонлашуви» деб таърифланган жаргон атама бўлиб, арзимас ёки осон ҳисобланган материал ёки онлайн контентни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш оқибатида юзага келади.

Танлов саҳифасида қайд этилишича, бу ибора биринчи марта 170 йил аввал Ҳенри Дэвид Торонинг «Уолден ёки ўрмондаги ҳаёт» китобида қўлланган. Бир йил давомида (2023 йилдан 2024 йилгача) ундан фойдаланиш частотаси 230 фоизга ошган.

У паст сифатли онлайн контентни, айниқса, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш оқибатлари ҳақида ташвиш билдириш учун ишлатилади. Овоз беришда 37 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

Қисқа рўйхатга, шунингдек, «demure» (вазмин), «dynamic pricing» (нархнинг динамик шаклланиши), «lore» (билимлар тўплами), «romantasy» (романтик фэнтези) ва «slop» (СИ томонидан яратилган паст сифатли контент) сўзлари ҳам киритилган эди.

2023 йилда Oxford луғати биринчи марта оммавий овоз бериш орқали йил сўзини танлади ва бу «гоблин режими» жаргон ибораси эди.

Мавзуга оид