Ўзбекистон | 11:54
3173
1 дақиқада ўқилади

Россия компанияси Ўзбекистондан мутахассислар жалб этишни режалаштиряпти

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Новосибирск шаҳридаги "Технопан" масъулияти чекланган жамияти бош директори Евгений Ваулин билан учрашув ўтказдилар.

Фото: "Дунё" АА

Компаниянинг Новосибирск шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш қувватлари билан танишиш чоғида Россия томони билан ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, бугунги кунда корхонада ишлаётган ўзбекистонлик мутахассислар сонини кўпайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Сибирдаги юқори сифатли сэндвич-панеллар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири саналган ушбу компания корхоналарида Ўзбекистондан 21 нафар мутахассис – ишчилардан тортиб ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш тизими операторигача ишлаяпти.

Шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини янада ошириш мақсадида Ўзбекистондан янада кўпроқ мутахассисларни жалб этишдан корхона манфаатдор.

Мазкур корхонада ишлаётган ҳамюртлар билан кечган суҳбат чоғида уларнинг меҳнат ва яшаш  шароитлари тўғрисида фикрлари тингланди.

Меҳнат мигрантлари бўлган юртдошлар иш ҳақини ўз вақтида олаётганини, иш берувчи томонидан барча шароитлар яратилганини маълум қилишди.

Мавзуга оид