Жаҳон | 13:02
676
2 дақиқада ўқилади

UNRWA Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни тўхтатди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлиги Ғазо секторига тез-тез содир бўладиган ўғирликлар, талон-торож этишлар ва ходимларнинг «мисли кўрилмаган» ҳалок бўлиши сабабли инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш тўхтатилганини эълон қилди.

Фото: Amir Cohen/REUTERS

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) ўғирлик ва транспортни олиб қочиш ҳолатлари кўпайгани сабабли Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. UNRWA «қийин қарор»ни 1 декабр, якшанба куни эълон қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, 16 ноябр куни гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машиналари карвони қуролли тўдалар томонидан олиб қочилган. 30 ноябр куни ҳам худди шундай ҳодиса юз берди: бир нечта озиқ-овқат ташувчи машиналар олиб қочилди. «Гуманитар ёрдам ходимлари ва юкларини ҳимоя этиш масъулияти оккупация қилаётган давлат сифатида Исроил зиммасида. Улар Ғазо секторига ёрдамнинг хавфсиз оқимини таъминлаши керак», — дея таъкидлайди UNRWA.

«Мисли кўрилмаган сондаги» UNRWA ходимлари гуманитар ёрдам етказиш пайтида ҳалок бўлди

Агентлик матбуот котиби Луиза Уотерижнинг Al Jazeera телеканалига айтишича, Исроилдан Ғазо секторига инсонпарварлик юкларининг асосий кириш нуқтаси бўлган «Керем-Шалом» ўтиш жойи орқали ёрдам етказилиши чоғида «мисли кўрилмаган кўп ҳамкасблар ҳалок бўлган». «Ушбу қарор фақат конвойларга хизмат қилаётган гуманитар ходимларни ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун қабул қилинган», деди Уотридж.

Гуманитар ёрдамнинг тўхтатилиши Ғазо секторидаги очарчилик билан боғлиқ вазият «тезлик билан ёмонлашиб бораётган» бир вақтда содир бўлмоқда, деди UNRWA раҳбари Филипп Лаззарини. Унинг таъкидлашича, Ғазо секторига гуманитар юкларни етказиб беришнинг иложи йўқлиги, хусусан, «Исроил ҳукумати тўсиқлари» билан боғлиқ.

Мавзуга оид