РФ Тергов қўмитаси Қодировнинг Бастрикинга қарши даъволарига жавоб қайтарди
Россия Тергов қўмитаси Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ҳуқуқ-тартибот органларининг безориликда айбланаётган чеченистонлик Муслим Мурдиев иши бўйича фаолиятини танқид қилишига жавобан ушбу ўсмир иштирокидаги муштлашувлар видеоларини намойиш этди.
Чеченистон аҳолиси билан 4 декабр куни ўтказилган жонли мулоқот чоғида Қодиров Мурдиев ишини изоҳларкан, Россия Тергов қўмитаси ва ички ишлар вазирлигини танқид қилганди. Хусусан, у Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ва ички ишлар вазири Владимир Колоколцев «ўз жойида эмаслиги»ни айтганди.
Чеченистонлик ўсмир 2023 йил декабридан буён уй қамоғида сақланмоқда. Мурдиевнинг ўзининг версиясига кўра, у жанжал бошлаган бошқа ўсмир ҳужумига учраган шеригини ҳимоя қилган, унга қарши иш эса ҳодиса видеоёзувига асосланган ҳолда очилган. Қодиров бу иш билан шахсан шуғулланаётгани ва Мурдиев «қамалмаслиги», тез орада озодликка қўйиб юборилишини айтган.
Бунга жавобан Тергов қўмитаси матбуот хизмати ҳуқуқ-тартибот органлари иш бўйича тергов жараёнида «ҳодисанинг барча ҳолатлари ва ноқонуний ҳаракатларга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича тўлиқ чора-тадбирлар кўргани»ни таъкидлаган.
Тергов версиясига кўра, беш нафар ўсмир тасодифий ўткинчилар билан низо қўзғаб, жанжал бошлаб, жабрланувчиларни калтаклаш билан шуғулланган. Хусусан, 2023 йил сентябрида улар «саккиз нафар шахсга нисбатан зўравонлик амалга ошириш орқали безорилик қилишган», шундан етти нафари — вояга етмаган болалар. Ҳужумлар Москва шаҳридаги «Авиапарк» ва «Дискавери» савдо марказлари ҳамда «Ходынское поле» паркида амалга оширилган.
Ўсмирларга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, безорилик содир этиш (РФ ЖК 213-моддаси, 2-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов қўмитасидагилар ишда бошқа далиллар қаторида айбланувчилар, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, шунингдек, ҳужум ҳолатлари акс этган видеоёзувлар борлигини қайд этган.
«Фигурантларнинг айби бўйича якуний қарорни тергов тақдим этган далиллар асосида суд чиқаради», — дейилади Тергов қўмитаси хабарида.
Мавзуга оид
22:28 / 12.12.2024
Рамзан Қодиров 100 мингга яқин жангчиси урушда қатнашмаётганини тан олди
09:53 / 06.12.2024
Қодиров Бастрикин, Колоколцев ва миграция сиёсатига қарши чиқди
23:00 / 04.12.2024
Рамзан Қодиров Илон Маск унга Cybertruck совға қилмаганини тан олди
11:41 / 11.11.2024