Ўзбекистон | 11:17 / 07.12.2024
280754
2 дақиқада ўқилади

Ҳалима Ибрагимова вафот этди

Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида ҳаётдан кўз юмди. 

Актриса Ҳалима Ибрагимова ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда "Мирзо театри"га яқин манба билан боғланган Kun.uz мухбири хабар берди.

"Мирзо театри"даги манба актриса вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади. Ўлим сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ҳалима Ибрагимова бир неча ойлик танаффусдан кейин сўнгги бор 25 ноябр куни ижтимоий тармоқларда кўриниш бериб, оғир бетоб бўлгани ҳақида айтганди.

«Иссиқ жонмиз, билиб бўлмайди. Озгина соғлиғимда муаммо бўлиб, чиқа олмай қолгандим. Ҳозир анча яхшиман, даволаниш ишлари давом этмоқда. Яқин кунларда «Мирзо» театрининг концерти, у ерда рол ижро этишим керак», деганди актриса.

Ҳалима Ибрагимова 1979 йилда туғилган. Тошкент давлат санъат институти драма актёрлиги бўлимида таҳсил олган.

У кўп йиллар давомида Мирзабек Холмедов бошчилигидаги театр-студияда ишлаган. Шунингдек, кинофилмларда турли ролларни ижро этган.

Икки фарзанд онаси эди.

Таҳририят актрисанинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.

Мавзуга оид