Жаҳон | 13:33 / 08.12.2024
20088
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путинни Украина билан музокараларга чақирди

Унинг сўзларига кўра, Киев ҳам «бу ақлсизликни тўхтатиш» учун Москва билан келишув тузишни истамоқда.

Фото: Getty Images

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп зудлик билан Украинада ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлашга чақирди. У 8 декабр куни ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида Сурияда президент Башар Асад бошқаруви якунига етгани юзасидан берган баёнотида Украина масаласида ҳам гапирган.

«Асад энди йўқ. У ўз мамлакатидан қочиб кетди. Унинг ҳимоячиси, Россия, Россия, Россия, Владимир Путин бошқарувидаги давлат энди уни ҳимоя қилишдан манфаатдор эмас. Россия у ерда бўлишига умуман ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Улар ҳеч қачон бошланмаслиги керак бўлган ва абадий давом этиши мумкин бўлмаган, 600 мингга яқин россиялик аскар ҳалок бўлган ёки яраланган Украинадаги уруш туфайли Сурияга бўлган қизиқишларини бутунлай йўқотди», — дейилади унинг баёнотида.

Трамп Украина президенти Воладимир Зеленский «бу ақлсизликни тўхтатиш» учун Россия билан келишув тузишни хоҳлашини айтган. Трампнинг сўзларига кўра, украин кучлари «400 минг аскарни беҳуда йўқотган».

«Дарҳол ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлаш керак. Жуда кўп ҳаёт беҳуда кетди, жуда кўп оилалар парчаланди. Ва агар бу давом этадиган бўлса, у янада каттароқ ва янада ёмонроқ нарсага айланиши мумкин. Мен Владимирни яхши биламан. Энди у ҳаракат қиладиган вақт келди. Хитой ёрдам бериши мумкин. Дунё кутмоқда!» деган АҚШнинг сайланган президенти.

Доналд Трамп Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон ва Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувидан ярим кун ўтиб шундай баёнот бермоқда. Axios манбаси хабар қилишича, Трамп аввалига Зеленский билан учрашишни истамаган, аммо якунда Макрон уни кўндирган. Учрашув 45 дақиқа давом этган, манбаларнинг сўзларига кўра, «яхши ва самарали» кечган.

Мавзуга оид