Жамият | 20:36 / 09.12.2024
11211
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда олиб қочилган Nexia-3 Қўқондан топилди

Машина ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳга тегишли манзилдан бошқа транспорт воситаларининг ҳам давлат рақам белгилари аниқланган. Шу каби ҳолатлардан жабр кўрган фуқаролардан пойтахт ИИББга мурожаат қилиш сўралмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради идора матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ички ишлар идорасига фуқаро мурожаат қилиб, Nexia-3 русумли транспорт воситасини Яккасарой тумани Ҳуштепа кўчаси 6-уй олдида қолдиргани, аммо олиб кетгани келганда машинаси жойида йўқлигини айтиб, транспорт воситасини топишда амалий ёрдам сўраган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу автомашинани талон-торож қилиш мақсадида Суҳроб исмли шахс ўзига таниш бўлган Илҳом ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, ўғирлаб кетгани аниқланган. Транспорт воситаси эса Қўқон шаҳрига олиб борилиб, хонадонларнинг бирига яшириб қўйилгани аён бўлган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ аъзоларининг Бектемир туманидаги вақтинча яшаш манзили холислар билан кўздан кечирилганда, бошқа транспорт воситаларига тегишли турли хилдаги давлат рақам белгилари ҳам топилган ва улар далилий ашё сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-модда (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши очилган. Гумонланувчиларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

«Ҳурматли юртдошлар, агар сиз ҳам мазкур шахслардан жабр кўрган бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББ ёки 97 751 77 72 рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид