Ўзбекистон | 14:20 / 10.12.2024
1444
1 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Мадрид ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон элчихонасида Испаниянинг Summer Wind компанияси бош директори Элена Ледо Гомес ва GSA Spain компанияси бош менежери Мария Тереза де Диос билан музокаралар ўтказилди.

Фото: ИА «Дунё»

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Испания ўртасида туризм алоқаларини янада ривожлантириш, Тошкент ва Мадрид ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ушбу ташаббуслар испаниялик сайёҳларнинг Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига қизиқиши ортиб бораётгани билан боғлиқ. Шунингдек, тўғридан тўғри авиақатновлар парвоз вақтини қисқартириши ва икки давлат ўртасидаги сайёҳлик оқимини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Бугунги кунда Испания Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони бўйича мамлакатга тўғридан тўғри авиақатновлари мавжуд бўлмаган Европа давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди.

Учрашув якунида томонлар авиация ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид