Жаҳон | 16:30 / 11.12.2024
26557
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи ошди

2023 йилда Россия бошқа мамлакатларга кредит беришни 30 миллиард доллардан кўпроққа оширди, бу 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Фото: РИА Новости

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи 41,3 миллион долларга ошди. Бу ҳақда Жаҳон Банки маълумотларига таяниб РИА Новости хабар берди. Ўзбекистоннинг Россия олдидаги умумий қарзи миқдори хабарда келтирилмаган.

Қайд қилинишича, 2023 йилда Россия бошқа мамлакатларга кредит беришни 30 миллиард доллардан кўпроққа оширди, бу 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Миср, Бангладеш ва Ҳиндистон энг кўп янги кредит олгани таъкидланмоқда.

Бошқа давлатларнинг Россияга қарзи ҳажми ўтган йили 1,3 миллиард долларга ошиб, 30,1 миллиардни ташкил этди. Бу кўрсаткич охирги марта 1999 йилда (32,8 миллиард доллар) юқори бўлган эди.

Ҳозир Беларус энг катта қарздор бўлиб қолмоқда - унинг қарзи 7,75 миллиард долларни ёки Россия томонидан берилган барча кредитларнинг чорак қисмини ташкил қилади. Бангладеш 6,6 миллиард доллар (22 фоиз) билан иккинчи ўринда, Ҳиндистон эса 4,1 миллиард доллар (14 фоиз) билан кучли учликни якунлади. Биринчи бешликка Миср (3,3 миллиард доллар, 11 фоиз) ва Ветнам (1,4 миллиард доллар, 5 фоиз) ҳам киради.

Шу билан бирга, ўтган йили Миср энг катта улушни эгаллади - унинг мажбуриятлари 1,45 миллиард долларга кўтарилди. Бангладешнинг қарзи 745 миллион долларга, Ҳиндистонники эса 363 миллион долларга ошди. Ўзбекистоннинг қарзи 41,3 миллион долларга, Афғонистоннинг қарзи 19,9 миллион долларга ошган. Замбия, Яман, Шри-Ланка, Эквадор, Судан ва Молдова мажбуриятлари ҳам ошди - жами 26,54 миллион долларга.

Ўтган йили янги қарздор пайдо бўлди - 2003 йилдан бери биринчи марта Россиядан 16,9 миллион доллар миқдорида кредит олган Никарагуа.

Шу билан бирга, бир қатор давлатларнинг Россия олдидаги мажбуриятлари камайди. Бу ерда етакчи Сомали бўлиб, Россия унга деярли бутун қарзини кечиб юборди: агар 2022 йил охирида мамлакат 703 миллион доллар қарз бўлса, ўтган йил охирида у бор-йўғи 49 миллион доллар қарз бўлган. Бундан ташқари, Беларус қарзи 487 миллионга, Сербия 117 миллионга, Арманистон 40 миллионга, Озарбойжон 22 миллионга камайди. Яна 10 та давлат Россия олдидаги 82 миллион долларлик мажбуриятларини тўлашга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид