Жаҳон | 18:14 / 12.12.2024
6197
2 дақиқада ўқилади

TIME журнали Трампни «Йил одами» деб эълон қилди

АҚШ бўлажак президенти Доналд Трамп 2024 йилда дунёга энг катта таъсир кўрсатган шахс сифатида тан олинди.

Фото: TIME

12 декабр куни TIME журнали Доналд Трампни «2024 йил одами» деб эълон қилди.

1927 йилдан бери TIME журнали «яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар», сўнгги 12 ой ичида дунёга энг катта таъсир кўрсатган шахс, гуруҳ ёки концепцияни танлаб келмоқда. 2023 йилда бу унвонни хонанда Тейлор Свифт олган эди.

Трамп билан бир қаторда 2024 йилги номзодлар рўйхатида АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис, Уэлс маликаси Кейт Миддлтон, тадбиркор Илон Маск, россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, АҚШ Федерал захира тизими раиси Жером Пауэлл, подкастер Жо Роган, Мексика президенти Клаудия Шейнбаум, Meta бош директори Марк Цукерберг ва бошқалар ҳам бор эди.

Доналд Трамп 2024 йилда Республикачилар партиясидан АҚШ президенти сайловида номзод бўлди ва катта устунлик билан ғалаба қозонди. Сайловолди кампанияси даврида унга нисбатан суиқасд уюштирилди. У 2025 йил январ ойида президентлик даврининг иккинчи муддатига киришади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид