Жаҳон | 11:00 / 17.12.2024
3362
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг лавозимидан четлатилган президенти сўроққа чақирилди

Лавозимидан вақтинча четлаштирилган Юн Сок Ёл исёнга уриниш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, сўроққа чақирилди. Агар президент келмаса, уни ҳибсга олиш учун ордер берилиши мумкин.

Фото: Kim Hong-Ji-Pool/Getty Images

Жанубий Кореянинг лавозимидан вақтинча четлаштирилган президенти Юн Сок Ёл прокуратурага сўроққа чақирилди. У эълон қилинган ҳарбий ҳолат туфайли исён кўтаришга уриниш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда, деб хабар берди Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги 17 декабр, сешанба куни.

Агентликнинг аниқлик киритишича, бу Юн Сок Ёолга прокуратурага келиш талаби билан юборилган иккинчи чақирув қоғози — у биринчисига эътибор бермаган. Агар импичмент қилинган президент 21 декабр, шанба кунигача иккинчи бор келмаса, унда уни ҳибсга олиш учун ордер бериш масаласи кўриб чиқилади.

Прокуратурадан мустақил равишда Юн Сок Ёлни полиция, юқори ҳукумат амалдорлари ўртасидаги коррупцияни тергов қилиш бошқармаси ва Жанубий Корея мудофаа вазирлигининг тергов департаменти вакилларидан иборат қўшма тергов гуруҳи томонидан сўроққа чақирилган. Ушбу чақирув қоғозига кўра, тўхтатилган президент чоршанба кунигача келиши керак.

Хабарларга кўра, терговчилар, шунингдек, президентнинг телефон қўнғироқлари ёзувларини олиш мақсадида унинг хавфсизлик идорасида рейд ўтказган.

Юн Сок Ёлнинг ўзи аввалроқ фитна бўйича айбловларни рад этган эди.

Жанубий Корея парламенти президентга иккинчи уринишда импичмент эълон қилди

14 декабр куни Жанубий Корея парламентининг 300 нафар аъзосидан 204 нафари Юн Сок Ёлни лавозимидан четлаштириш учун овоз берди. Бунга президент томонидан 3 декабр куни кутилмаганда мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилгани сабаб бўлди. Воқеаларнинг бундай ривожи парламент томонидан қўллаб-қувватланмади, шундан сўнг ҳукумат президент қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

Юн Сок Ёл ва унинг бир қатор тарафдорларига қарши тергов бошланди, 7 декабр куни эса парламентда мамлакат раҳбарига импичмент масаласи кўтарилди. Бироқ, ўшанда овоз беришни ўтказиш имкони бўлмади — парламентда 108 ўринни эгаллаган «Фуқаролик кучи» аъзолари процедурани бойкот қилдилар. Ҳукмрон партиянинг деярли барча аъзолари зални тарк этгани боис 195 киши президентнинг истеъфоси учун овоз берди, жараён амалга ошиши учун камида 200 та овоз керак эди, шу тариқа кворумга эришилмади.

Парламент аъзолари импичментни қўллаб-қувватлагач, бу масалани Жанубий Корея Конституциявий суди кўриб чиқиши керак. Президент вазифасини энди вақтинча мамлакат бош вазири Хан Дак Су бажаради.

Мавзуга оид