Жаҳон | 16:33 / 18.12.2024
5737
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда янги бош вазир тайинланди

Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Одилбек Қосималиев ҳукумат раиси – президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. Олдинги бош вазир Оқилбек Жапаров 16 декабр куни лавозимидан олинган эди.

Фото: tazabek

Одилбек Қосималиев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси — президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. Мамлакат президенти Садир Жапаров тайинловга оид тегишли фармонни имзолади.

Қайд этилишича, Қосималиев номзоди 18 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда Жогорку Кенеш (парламент) томонидан тасдиқланган. Қосималиев депутатларга ўзидан олдинги бош вазир Оқилбек Жапаров дастурини амалга оширишни давом эттиришга ваъда берган.

Тайинловга қадар Қосималиев бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2015 йилдан 2018 йилгача эса мамлакат Молия вазирлигини бошқарган.

16 декабр куни Оқилбек Жапаров Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси ва президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилган эди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, собиқ бош вазир «бирор нарсага алоқаси борлиги учун кетган, шунчаки кетмаган».

Эслатиб ўтамиз, 6 декабр куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Давлат солиқ хизмати раиси Олтинбек Абдувапов ва унинг ўринбосари Исломбек Қидирғичевни қўлга олган эди. Улар коррупция схемаларига алоқадорликда ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда.

Мавзуга оид