Покистондан олиб кирилган мандарин партиясида зараркунанда борлиги аниқланди
Покистондан Ўзбекистонга импорт бўлган маҳсулот учун расмийлаштирилган 30 дан ортиқ фитосанитар сертификат қалбаки эканлиги аниқланди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабарига кўра, ҳар йили қиш мавсумида республикада цитрус меваларига бўлган талаб юқори бўлиб, мазкур турдаги маҳсулотларнинг импорт ҳажми ортади. Меваларнинг катта қисми Ўзбекистонга Покистондан импорт қилинади. Табиийки, олиб кирилган карантин остидаги маҳсулотлар карантин назоратидан ўтказилади.
Бир неча кун аввал “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали 26 та транспорт бирлигида Покистондан олиб кирилган мандарин партиясида карантиности зараркунанда борлиги маълум бўлди. Маҳсулотлардан намуналар олиниб, агентликнинг Марказий фитосанитария лабораториясида экспертиза ўтказилди. Таҳлил натижасида импорт мевада “Қизил померанес” қалқондори мавжудлиги аниқланди.
Мазкур турдаги ҳашарот лимон, хурмо, анжир, олма, олхўри, зайтун, узум каби ўсимликларнинг шираси билан озиқланиб, уларнинг ҳосилдорлигига таъсир кўрсатади. Асосан Покистон, Афғонистон, Жазоир, Ангола, Гвинея, Миср, Танзания, Жанубий Африка ҳудудида тарқалган.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Карантин агентлиги Покистон карантин хизмати билан боғланганда Покистон томони декабрь ойида Ўзбекистонга мандарин экспорти учун фитосанитария сертификати расмийлаштириб берилмаганини билдирган.
Агентлик хабарида айтилишича, Ўзбекистон ва Покистон миллий карантин хизматлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилган. Қалбаки сертификатлар мазкур электрон тизим орқали ҳам текширилди ва фитосанитария сертификатлари қалбаки бўлгани аниқланди.
Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, эндиликда Покистондан олиб кирилиши режалаштирилган барча карантин остидаги маҳсулотлар учун берилган фитосанитария сертификати ҳаққонийлиги чегара масканларида Карантин агентлигининг E-Fitouz автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилиб, Покистоннинг электрон базасида ушбу фитосанитария сертификати мавжудлиги тасдиқлангандан сўнг маҳсулотлар олиб кирилишига рухсат берилиши белгиланди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Покистондан мандарин экспорти учун импорт карантин рухсатномаси расмийлаштирилиши вақтинчалик тўхтатилгани ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
15:02
Ўзбекистон Покистоннинг "Гвадар" портидан фойдаланиш имкониятини ўрганяпти
00:15 / 22.12.2024
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024