Жаҳон | 16:18 / 24.12.2024
3333
5 дақиқада ўқилади

 “Канални савол-жавобсиз қайтариб оламиз” – Трамп Панамага таҳдид қилди

АҚШнинг сайланган президенти Панама каналидаги транзит тўловини туширишни талаб этиб, Хитойнинг бу сув йўлида эканидан норозилигини билдирди. У шартнома шартларига амал қилинмаса, Америка қурган бу канални қайтариб олиш билан таҳдид қилди. Панама президенти эса бу давлат суверенитети билан боғлиқ масала эканини эслатди.

“Welcome to the united states Canal” – АҚШ каналига хуш хуш келибсиз”. 22 декабр куни АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифаларида шу постни қолдирди. Сиёсатчи бу билан Панама каналини АҚШга қайтариши мумкинлигидан огоҳлантирган. Bloomberg хабарига кўра, сайланган президент Панамадан Америка ҳарбий ва савдо кемаларининг Панама канали орқали ўтиши учун транзит тўловларини пасайтиришни талаб қилди. Акс ҳолда у канални АҚШга қайтариш билан таҳдид қилмоқда. Аслида ушбу канални Қўшма Штатлар қурган, унинг узунлиги 51 миля ёки 82 километр ва канални қуриш ишлари 1914 йилда якунланган.

Собиқ президент Жимми Картер имзолаган шартномага мувофиқ, 1999 йилга келибгина бу канал Панамага берилган. Айни шу қарорни Трамп аҳмоқона деб атаяпти. Унинг таъкидлашича, Панама канали АҚШ учун ҳаётий аҳамиятга эга, у давлат иқтисодиёти ва миллий хавфсизлигига бевосита таъсир қилади. Трамп айни даврда Хитойнинг ҳам Панама каналидан фойдаланаётганидан норози эканини билдирган. Бу канални топшириш бўйича битим шартларига зид эканини қўшимча қилган.

“У кимнингдир манфаати учун эмас, балки биз ва Панама билан ҳамкорлик белгиси сифатида топширилган. Агар ушбу хайр-эҳсоннинг ҳам ахлоқий, ҳам ҳуқуқий тамойилларига риоя қилинмаса, биз Панама каналининг савол-жавобсиз тўлиқ қайтарилишини талаб қиламиз” – Доналд Трамп

Президент Жимми Картер раҳбарлиги даврида бу канал бир доллар эвазига бериб юборилганида уни фақат Панаманинг ўзи бошқариши керак эди, Хитой ёки бошқа давлат эмас, дея қўшимча қилган Трамп.

Айтиб ўтиш керакки, ростдан ҳам АҚШ каналнинг энг йирик фойдаланувчиси бўлиб, ҳар йили транзит юкларининг қарийб 4 дан бир қисми шу каналдан ўтади. Транзит оқимининг 70 фоиздан ортиғи АҚШ портларига ёки улардан йўналтирилади.

Трампнинг канални қайтариб олиш билан қилган таҳдидига Панама президенти Хосе Раул Мулино жавоб қайтарди. Президентнинг сўзларига кўра, канал Панамага тегишли ва мамлакат тарихининг бўлаги ҳисобланади. Давлат мустақиллиги ва суверенитети музокара мавзуси бўлиши мумкин эмас, дейди Панама раҳбари.

“Панама каналининг ҳар бир метри Панамага тегишли ва шундай бўлади. Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллиги муҳокама мавзуси бўлиши мумкин эмас” – Панама президенти Хосе Раул Мулино

Бунга жавобан эса Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида киноя кесатиқ билан кўрамиз, АҚШ каналига хуш келибсиз, деб ёзди.

Бир нарса ҳақиқатки, Панама канали тўлиқ Панама давлати ҳудудида қурилган. Ушбу канал халқаро аҳамиятга эга бўлган энг муҳим транспорт сув йўлларидан бири ҳисобланади. Панама Тинч океан кўрфазини Кариб денгизи ва Атлантика океани билан боғлайди. Америкалик маъмурлар канални қургандан кейин 1999 йилгача уни бошқариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган.

Бугунги кунда каналдан ўтаётган юкларнинг асосий қисми АҚШга тегишли. 2024 йилда Америка кемалари орқали 160 миллион тонна юк ташилган ва бу канал мижозларининг тўртдан уч қисми дегани. Рўйхатда иккинчи ўринда Хитой туради. Юк ташишда кейинги ўринлар Япония ва Жанубий Кореяники. Бироқ узоқ давом этган қурғоқчилик таъминот занжирига таъсир кўрсатди. Бу эса инфляциянинг ўсишига олиб келди. Панама давлатининг даромади йилдан йилга пасайиб, 2024-молия йилида 2,47 миллиард долларни ташкил этган.

Тарихан маълумки, даставвал канални Франция қурмоқчи бўлиб, АҚШдан аввал 1881 йилда ишларни бошланган. Бироқ муҳандислик муаммолари ва ишчилар ўлими билан боғлиқ вазият ортидан қурилиш ишларини тўхтатган. 1904 йилда эса АҚШ бу лойиҳани бўйнига олди ва 10 йилдан кейин канал қурилишини якунлади. Ўша даврда каналдан мингта кема ўтарди, 2008 йилга келиб 14 702 тага етди. Канални кесиб ўтиш учун 11 ярим соат керак бўлади. Америка қурилиш муҳандислари Панама каналини мўъжиза дея атайди.

Мавзуга оид