Жаҳон | 13:27 / 25.12.2024
5804
4 дақиқада ўқилади

Магдебургдаги фожиа: ҳужум қилган шахс машинасида васиятнома топилди

Магдебургдаги рождество бозорига ташриф буюрувчилар устига машина ҳайдаган саудиялик шифокорнинг машинасидан васиятнома топилди, деб ёзади ҳафталик Der Spiegel. Эҳтимол, у ҳужум пайтида ўлишини кутган.

Фото: Michael Probst/AP

Магдебургдаги рождество бозорига ташриф буюрувчиларни босиб кетган саудиялик шифокор Талеб А. машинасидан ёзма васиятнома топилди, деб хабар берди ҳафталик Der Spiegel 23 декабр, душанба куни тергов маълумотларига таяниб. Ўз васиятномасида Талеб А. вафотидан кейин унинг бутун бойлиги Германия Қизил Хоч қўмитаси ихтиёрига ўтиши кераклигини кўрсатган. Журналнинг ёзишича, ҳужжатда сиёсий баёнотлар бўлмаган. «Магдебургдаги рождество бозорига ҳужум уюштирганликда гумон қилинган шахс ҳужум пайтида ҳалок бўлишини кутган бўлиши мумкин», деб тахмин қилишди журналистлар.

Бундан ташқари, Der Spiegel маълумотларига кўра, Талеб А. бошқарувидаги қора BMW енгил автомобили 11 декабр куни — ҳужумдан бир ҳафтадан кўпроқ вақт олдин ижарага олинган. Бир кундан кейин саудиялик Магдебургдаги Maritim меҳмонхонасидан Америка блоги учун видеоинтервю берди ва унда икки америкалик: миллиардер Илон Маск ва фитна назариётчиси Алекс Жонсни мақтади. Шунингдек, у Германия Суриядан радикалларни мамлакатга киритаётганини билдирган, деб ёзади Der Spiegel.

Магдебургда ГуМ ва унинг рақиблари акциялари 

23 декабр куни Магдебургда уч кун аввал автомобил рождество бозорига ташриф буюрувчилар устига ҳайдалганидан сўнг, ўнг популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси тарафдорлари ва уларнинг рақиблари томонидан митинглар ўтказилмоқда. Маҳаллий полиция маълумотларига таяниб AFP хабар беришича, «Биз мотам тутмоқчимиз/Нафратга имконият берма!» шиори остидаги акция ҳақида икки шахс ва бир жамоат ташкилоти хабар берган. Яна бир шахс — «Нафрат ва ташвиқотга имконият берма!» шиори остидаги митинг ҳақида маълум қилган. Иккала тадбирга ҳам бир неча юз киши қўшилган. 

Шу билан бирга, ГуМ тарафдорлари шаҳарнинг собор майдонида намойишга тўпланишди, у ерда уч кун олдин Германиядан сиёсий бошпана олган Саудия фуқароси, 50 ёшли шифокор Талеб А. рождество бозорига ташриф буюрувчиларга ҳужум қилди. Унинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар, деб ёзади AFP, расмийлар томонидан ҳали эълон қилинмаган, аммо улар йиғилганларнинг «катта сони» ҳақида гапиришган. Улардан баъзилари «Депорт!» дея ҳайқирган.

Ушбу акция «Ғам бирлаштиради – хавфсиз келажак учун» шиори остида ўтказилди. ГуМ бош котиби Ян Венцел Шмидтнинг айтишича, ҳужум «даҳшатли сиёсий муваффақиятсизликни» кўрсатди. Унинг версиясига кўра, Талеб А. ўз ниятини ошкора эълон қилган, бироқ Германия расмийлари унинг бошпана сўраш аризасини қондирган. Ҳужумда уларнинг (ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг) қўлларини боғлаб, қўллаб-қувватламаган» полиция раҳбарияти айбдор, деб ишонтирди ўнг популист.

Партия ҳамраиси Алис Вайдел ҳам Магдебургдаги саҳнага чиқди. У Талеб А.ни немислардан нафратланадиган шахс деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, маърузачилардан бири сўнгги йиллардаги ҳужумларни эслаб, уларни Холокост билан таққослаган.

Мавзуга оид