Жаҳон | 19:32 / 27.12.2024
7909
14 дақиқада ўқилади

Оқтовдаги авиаҳалокат: ҳозирча жавоби йўқ саволлар

Қозоғистонда Azerbaijan Airlines авиалайнери ҳалокатга учраганидан икки кун ўтган бўлса ҳам, ушбу авиаҳодисада аниқлик киритиш лозим бўлган бир неча муҳим жиҳатлар қолмоқда.

Фото: АР/ТАСС

25 декабр куни Embraer E190 самолёти Бокудан Грознийга J28243-рейсини амалга ошираётганди. Омон қолган йўловчиларнинг кўрсатмаларига кўра, икки бор қўнишга муваффақиятсиз уринишдан кейинги учинчи уриниш вақтида улар портлашга ўхшаган кучли овозни эшитишган.

Шундан кейин самолётни бошқариш қийинлашганига қарамай, учувчилар уни Қозоғистоннинг Каспий денгиз бўйидаги Оқтов шаҳригача олиб боришган, самолёт қўнишга уриниш вақтида ерга урилиб, қисмларга ажралган ва бир қисми ёниб кетган.

Самолёт бортида 67 киши бор эди, шундан 38 нафари ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида — самолётнинг икки учувчиси ҳам бор.

Интернетда самолёт Грозний ҳудудида зенит қурилмасидан отилган ракета зарбасига учрагани ҳақидаги версия оммалашмоқда, тарқалган кадрларда унинг дум қисмида ракета зарбасига хос излар қолган

Reuters агентлигининг Озарбойжондаги манбалари, жумладан, авиаҳалокат терговининг дастлабки натижаларидан хабардор бўлган манба бу версия эҳтимоли юқори экани ва мамлакатдагилар айнан шу версияга ишонаётганини ва Россия бу масалада расмий баёнот беришини кутишаётганини айтган.

«Ҳеч ким бу атайлаб қилинган деб даъво қилмайди. Аммо, аниқланган фактларни ҳисобга олган ҳолда, Боку Россия томони Озарбойжон самолётини уриб туширганини тан олишини кутмоқда», — деган агентлик манбаси.

Аммо пайшанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлардан «тергов хулосасигача қандайдир фаразлар яратмаслик»ни сўради.

Россия нашрларида ҳодисанинг бошқа версиялари кўриб чиқилмоқда — қушлар галаси билан тўқнашув ёки бортдаги носозлик.

BBC рус хизмати авиаҳалокат ҳақидаги ҳозирча жавоби йўқ бўлган саволларни тўплади.

Авиалайнер ердан ўққа тутилганми?

Бу авиаҳалокат бўйича асосий масала. Самолёт қулаганидан кейин бутун қолган дум қисмида аниқланган шикастланишлар табиати ҳам у ўққа тутилгани ҳақидаги версияни қўллаб-қувватлайди.

Самолёт қопламасида зенит ракетанинг шикастловчи элементлари тегиши натижасида ҳосил бўладиган тешиклар яққол кўриниб турибди.

Бундан ташқари, омон қолган йўловчилар қўнишга уриниш чоғида портлаш овозини эшитганини айтишган.

Улардан бири — Субҳонқул Раҳимов — RT мухбири билан суҳбатда пилотлар бортни Грознийга қўндириш учун уч марта урингани, аммо «учинчи сафар нимадир портлагани»ни айтган: «Портлаш бўлди — мен у самолёт ичкарисида бўлди дея олмайман. Мен ўтирган жой ёнидаги қоплама учиб кетди».

Azerbaijan Airlines авиакомпанияси 27 декабр куни Оқтов шаҳри яқинида қулаган самолёт ҳалокатига «ташқи жисмоний ва техник таъсир» сабаб бўлганини маълум қилди.

Грозний аэропорти ёпилганмиди?

Россия матбуоти ва Росавиация матбуот котиби Артём Кореняконинг телеграм-каналига кўра, 25 декабрга ўтар кечаси маҳаллий ҳукумат украин дронлари ҳужуми хавфи туфайли Қозон аэропортини ёпган.

Тонгда россиялик ҳарбийлар тун давомида Брянск, Белгород, Воронеж, Курск ва Тамбов областлари, шунингдек, Азов денгизи узра 59 та дрон уриб туширилгани ҳақида ҳисобот берган.

Шунингдек, Грозний, Ингушетиянинг Малгобек ва Шимолий Осетиянинг Владикавказ шаҳарларига ҳам дронлар учиб келгани тўғрисида хабарлар берилган.

Аммо Россия ахборот агентликлари ва Артём Кореняконинг телеграм-каналида кейинги шаҳарлардаги аэропортлар ёпилгани тўғрисида хабар берилмаган.

Парвознинг сўнгги сониялари видеоёзувида учувчилар қўнишга тайёрланиб, шассини чиқаришгани, аммо самолёт бошқарувга бўйсунмаганини кўриш мумкин 

Regnum агентлиги Грознийдаги «Шимолий» аэропорти бош директори Алви Шахгириевнинг Озарбойжон борти туман ва булутлар пастликда бўлгани туфайли қўна олмагани, «Ковер» режаси эса у учиб кетганидан кейин жорий этилгани ҳақидаги сўзларини келтирган.

«Бу самолёт „Ковер" режаси жорий этилишидан олдинроқ биздан учиб кетди. Самолёт аэропортимиз ҳудудига кирди ва уч марта қўниш йўлига кирди, аммо ёмон об-ҳаво туфайли қўна олмади — туман ва паст булутлар туфайли. Ҳаво кемаси командири захира аэродромига кетиш бўйича ўзи қарор қабул қилди. Бизнинг диспетчерларга Бокуга кетишини хабар қилган. Кейин қарорини ўзгартирган ва Оқтовга йўл олган», — дея аэропорт директорининг сўзларини келтирган агентлик.

У ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаолияти ва уриб туширилган дронлар ҳақида ҳеч нарса демаган, унинг «Ковер» режаси киритилгани ҳақидаги сўзларини бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган.

«Ковер» режаси осмонда исталмаган учар объектлар пайқалганида ёки шундай объектлар учиб келиши хавфи юзага келганида эълон қилинади.

Бу ҳолатда шундай режа жорий этилган ҳаво ҳудудида бўлган барча самолётлар уни тарк этиши ва ёки захира аэродромларга йўл олиши ёки бошқа ҳудудда кутиб туриши керак бўлади. Бундан ташқари, аэропортда рейслар бекор қилинади.

Жавоб топиш керак бўлган иккинчи муҳим савол шуки — Грознийда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушганида аэродром ёки ҳаво кенглиги ёпилганми? Дронларга қарши қандай воситалар қўлланган?

Улардан бири нишонга олингани акс этган видеоёзувда учиб борган ракета кўринмайди, аммо ёзув у қадар сифатли эмас.

ВЧК-ОГПУ телеграм-канали ўз ихтиёрига экипажнинг Грознийдаги диспетчер билан суҳбати расшифровкаси келиб тушгани ҳақида хабар берган. Канал самолёт Грознийга қўниш учун уч бор урингани, аммо радиоэлектрон кураш воситалари туфайли бунинг иложи бўлмагани ва Бокуга қайтишга қарор қилганини тасдиқлайди.

Шундан кейин канал экипаж «қушлар билан тўқнашув» ва бошқарув йўқотилгани ҳақида хабар бергани ҳақида ёзган. Самолёт парвозининг траекториясига қараганда, уни чиндан ҳам бошқариш қийинлашган.

Агар аэропорт ёпилмаган бўлса, бу регионда дронлар ҳужуми вақтида самарали огоҳлантириш тизими бўлмаганини англатади.

Агар фуқаролик аэропорти фаолиятини давом эттирган бўлса, унда нима учун ҳаводаги нишонларни йўқ қилиш учун ўт очишга рухсат берилган?

Агар аэропорт ёпиқ бўлган бўлса, унда йўловчи лайнер қандай қилиб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳаракатланган ҳудудга бориб қолганини изоҳлашга тўғри келади.

Самолёт нима учун Қозоғистонга йўл олган?

Flightradar24 сервисида кўринмай қолганидан Каспий денгизи устида учаётганида пайдо бўлгунига қадар муддатда самолёт билан нима бўлганини омон қолган йўловчиларнинг ҳикояларидан, шунингдек, учувчиларнинг Грознийдаги диспетчер билан музокаралари матни мазмунидан билиш мумкин.

Йўловчилар портлаш сифатида таърифлаган, экипаж эса учувчилар билан тўқнашув туфайли бошқарувни йўқотиш деб атаган ҳодисадан кейин, самолёт Оқтов томонга учган. Аммо, у дарҳол шундай танлов қилмаган бўлиши мумкин.

Озарбойжонда қурбонлар хотирасига мотам эълон қилинди

Алви Шахгириев Regnum агентлиги билан суҳбатда экипаж аввалига Бокуга учишни хоҳлагани, кейин эса йўналишни Оқтовга ўзгартирганини айтган — бу маълумотни ВЧК-ОГПУ канали хабари ҳам тасдиқлайди.

Худди шу канал эълон қилган диспетчер билан музокара матнида экипаж бошқа аэропортлардаги об-ҳаво шароити ҳақида сўрагани акс этган.

Экипаж аввалига Минералние Води шаҳри аэропортидаги вазият билан қизиққан, кейин эса Маҳачқалъага йўл олмоқчилигини билдирган.

Шу билан бирга, экипаж янги носозлик ҳақида хабар беради — самолёт бошқарувида иштирок этадиган гидравлик ишламай қолганини. Маълум вақт ўтиб самолёт Ростов-на-Дондаги диспетчер билан боғланади.

Буёғига нима бўлгани номаълум, самолёт бошқа аэропортларга қўнмоқчи бўлгани тўғрисида маълумот йўқ. Атрофда юқорида тилга олинган Маҳачқалъа ва Минералние Водидан ташқари, Владикавказ, Налчик ва Назрани шаҳарларида ҳам аэропортлар бўлган.

Аммо бундай вазиятда самолётни қаерга қўндиришни ҳал қиладиган ҳаво кемаси командири Каспий денгизи орқали 400 километр масофадаги Оқтов шаҳрига учишга қарор қилган.

У бу йўналишни қандай сабаб билан танлагани номаълум.

Euronews Озарбойжон ҳукуматидаги манбага таяниб, уларнинг фикрича, экипажнинг фавқулодда қўниш бўйича сўровларига қарамасдан, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмагани ҳақида хабар қилган.

Бу эса амалиётга зид. Одатда қўниш жойини ҳаво командири танлайди ва қийин ҳолатдаги самолётга бундай имконият рад этилмайди.

Кислород баллони портлаганми?

Қозоғистон транспорт вазири Марат Қорабоев пайшанба кунги брифингда қўнишдан олдин авиалайнер бортида кислород баллони портлаганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бу Ростовдаги диспетчерлар лайнер билан алоқани Оқтовдаги диспетчерларга топширганидан кейин содир бўлган.

10 дақиқа ўтиб, маҳаллий вақт билан соат 10:53 да «„Ростов" рейс бошқарувчиси Оқтовдаги ҳамкасбига йўловчилар бўлмасида кислород баллони портлагани, йўловчилар ҳушини йўқотгани ҳақида қўшимча маълумот бериб, қўнгандан кейин йўловчиларни жонлантириш чораларини тайёрлаб туришни сўради», деган вазир.

Қозоғистонлик вазирнинг сўзларига асосланган хабар Россия ахборот агентликларида тарқатилди, аммо бу хабарларда самолёт ердан ўққа тутилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версия эслаб ўтилмаган.

Агар салон ичкарисида чиндан ҳам шундай портлаш рўй берган бўлса, ҳозирча у самолёт бошқарув тизимига қанчалик салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлиги номаълум.

Самолёт Flightradar24 харитасида пайдо бўлган маҳалда денгиз устида, Оқтов томон ҳаракатланаётган бўлган.

Сервис маълумотларига кўра, самолёт мунтазам равишда парвоз баландлиги ва йўналишини ўзгартириб турган. Бу бошқарув тизими ишламай қолгани туфайли бўлган бўлиши мумкин.

Фотосуратларда самолётнинг баландлик ва пасайишида муҳим рол ўйнайдиган дум қисмида кўплаб тешикларни кўриш мумкин ва лайнер шу шикастланишлар туфайли бошқарувни йўқотган бўлиши мумкин.

Парвознинг сўнгги дақиқалардаги траекториясида учувчилар Оқтов аэропортига қўнишга урингани, аммо бунинг имкони бўлмагани ва улар яна бир бор уриниб кўргани акс этган. Учувчилар иккинчи уринишни якунлай олишмаган — самолёт ерга қулаган.

Тергов

Авиаҳалокат юзасидан терговни Қозоғистон ҳукумати комиссияси олиб бормоқда. Ҳукумат сайтидаги хабарда айтилишича, Қозоғистон бунда Озарбойжон билан ҳамкорлик қилмоқда.

Одатда авиаҳодисаларни тергов қилишда у рўй берган мамлакат ва самолёт мансуб бўлган мамлакат вакиллари, шунингдек, самолёт ишлаб чиқарилган мамлакат вакиллари иштирок этади. Embraer E190AR Бразилияда ясалган.

Авиаҳодиса Россия ҳудуди устида бошлангани туфайли унда россиялик мутахассислар ҳам иштирок этиши мумкин. Аммо асосий текширувни барибир Қозоғистон расмийлари ўтказади.

«Россия ва Озарбойжон ҳуқуқ-тартибот органлари криминалистик текширувларга қўйилмайди, аммо авиаҳодисани текширишда қатнашиши мумкин», — дея Қозоғистоннинг Манғистов области транспорт прокурори Абилайбек Ордабаевнинг сўзларини келтирган Anadolu агентлиги.

Авиаҳодиса тергови ҳалокат сабаблари ва шароитларини аниқлашга қаратилган, аммо айбдорларни ва уларнинг айби даражасини белгиламайди.

Самолёт парчалари орасидан иккита қора қути ҳам топилган — бирида парвознинг турли параметрлари қайд этилган, иккинчисида экипаж кабинасидаги музокаралар ёзиб олинган.

Озарбойжон Россияга босимни кучайтирмоқда

Озарбойжон парламенти депутати Расим Мусабеков 26 декабр куни маҳаллий Turan нашрига берган интервюсида Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. У «вазиятга адекват муносабатда бўлиш ва узр сўраш» ўрнига Россиядаги «баъзи одамлар ўз изларини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида муайян ҳаракатлар қилаётгани»ни таъкидлаган. «Буни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши керак, одамлар ўлими ва қурбонлар учун товон пули тўланиши керак, агар бундай бўлмаса, муносабатлар, албатта, бошқа даражага ўтади», деган у.

Day.az нашрининг Озарбойжон президенти маъмуриятидаги манбаси эса Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатида вафот этганларнинг оилалари Чеченистон ҳукуматидан ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини маълум қилди. «Фуқароларимизга зарур ёрдамни ўзимиз кўрсатмоқдамиз ва кўрсатамиз. Озарбойжон фактни тан олишни, узр сўрашни ва тегишли товон тўлашни талаб қилади», деган манба.

26 декабр куни Чеченистон ҳукумати раиси Ҳасан Ҳакимов республика раҳбари Рамзон Қодировнинг топшириғига биноан авиаҳалокатда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оила аъзоларига молиявий ва «улар муҳтож бўлган барча ёрдамларни кўрсатилиши»ни айтганди. 

BBC Озарбойжон хизмати муҳаррири Кенул Халилова Озарбойжон давлат нашрларида «хато»ни тан олишга қаратилган чақириқлар орқали Россияга босим ўсиб бораётганига эътибор қаратган. Ҳукумат таъсиридаги телеканаллар шарҳловчилари Боку Москва самолётни уриб туширганини тан олишини кутаётгани ҳақида гапиришмоқда.

26 декабр куни кечқурун Озарбойжон ҳукуматининг қатъий назоратида бўлган бир неча телеканалда Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига қўниш чоғида қулаб тушган Azerbaijan Airlines самолёти Россия томонидан уриб туширилгани эҳтимоли юқори экани ҳақида гапирган экспертлар билан интервюлар берилган.

«Озарбойжон раҳбарияти Владимир Путинни ғазаблантирмасликка интилмоқда, шунинг учун Москва ўзи тан олмагунича, айбни Россия зиммасига юклаш жуда қийин бўлади. Афтидан, озарбойжонлик ва қозоғистонлик расмийлардан тузилган тергов комиссияси аллақачон бунга далиллар топган, аммо улар Россия томони бу ҳақда ўзи айтишини кутишмоқда.

Москва Россия агар бу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар кетаётган бўлса, нима учун ўз ҳаво кенглигини ёпмагани ёки нима учун самолётга биринчи имкониятда қўнишга рухсат бериш ўрнига уни Оқтовга йўналтиргани тўғрисидаги саволларга жавоб бериши керак бўлади», деган журналист.

Мавзуга оид