АҚШнинг Луисвилл шаҳрида United Parcel Services компаниясининг юк самолёти қулаши оқибатида ерда яна 11 киши жароҳат олди, деб хабар берди Кентукки губернатори Энди Бешир.

Аввалроқ губернатор уч киши ҳалок бўлганини маълум қилганди. «Менимча, бу рақам ўсиб боради. Видеодаги кадрларни кўрган ҳар бир киши бу фалокат қанчалик даҳшатли бўлганига амин бўлади», – деди у журналистларга.

UPS маълумотларига кўра, MD-11 бортида экипажнинг уч нафар аъзоси бўлган.

WLKY телеканали ҳалокат рўй берган вақтда олинган кадрларни намойиш этди – унда самолёт ҳавога кўтарилганида қаноти ёнаётганини, ерга урилганда эса улкан оловли шар ҳосил бўлганини кўриш мумкин. Қуёш ботиши арафасида содир бўлган ҳалокат туфайли аэропортга туташ саноат зонасида давомли ёнғинлар юзага келди, деб ёзади Reuters.

Самолёт парчалари иккита учиш-қўниш йўлаги бўйлаб сочилиб кетган. Губернаторнинг сўзларига кўра, ерда бир неча киши жиддий жароҳат олган.

Самолёт қулаганидан кейин аэропорт ҳудудида кучли ёнғин бошланиб, катта ҳудудни қамраб олди.

Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси маълумотларига кўра, ҳалокатга учраган самолёт 34 йил аввал ишлаб чиқарилган. У маҳаллий вақт билан 17:15 атрофида ҳалокатга учраган.

Самолёт Ҳавайига учиши керак эди. Гонолулугача 8,5 соатлик парвоз учун у 38 минг галлон ёнилғи (тахминан 144 минг литр) билан тўлдирилганди.

Луисвилл аэропортида UPS Worldport – компаниянинг юк авиаташувлари бўйича глобал маркази ва дунёдаги энг йирик жўнатмаларни қайта ишлаш маркази жойлашган.

Расмийлар аэропортдан 8 км радиусдаги барча аҳоли пунктлари аҳолиси учун ўзини изоляция қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди. «Жабрланганлар кўп, ёнғин давом этмоқда. Бу ҳудудда кўплаб йўллар тўсиб қўйилган – илтимос, воқеа жойидан узоқроқ бўлинг», – дея илтимос қилган Луисвилл шаҳри мэри Крейг Гринберг.

Ўт ўчирувчилар ҳозирча ёнғинни ўчира олмаяпти

McDonnell Douglas MD-11F – Американинг McDonnell Douglas фирмаси томонидан ишлаб чиқилган узоқ масофали транспорт самолёти бўлиб, асосан FedEx Express, Lufthansa Cargo ва UPS Airlines томонидан юк ташиш учун ишлатилади.