Путин 9 октябр куни Тожикистонга давлат ташрифи билан келди. У Душанбеда МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида озарбойжонлик ҳамкасби билан учрашди – бу уларнинг ўтган йил октябр ойидан буён илк учрашуви бўлди.

Жорий йил сентябрида Путин ва Алиев Хитойдаги ШҲТ саммити вақтида тўқнаш келишган, аммо ўшанда тўлақонли мулоқот рўй бермаганди.

Шунингдек, Путин ва Алиев анча вақт давомида телефонда ҳам гаплашишмаган. 7 октябр куни Алиев Россия президентини туғилган куни билан табриклаш учун қўнғироқ қилди, аммо бунгача уларнинг охирги телефон мулоқоти март ойида бўлганди.

Путин ва Алиевнинг охирги учрашувидан буён ўтган бир йил мобайнида Россия ва Озарбойжон муносабатлари фақат ёмонлашиб борди.

Томонлар ўртасидаги биринчи дипломатик можаро 2024 йил декабр ойи охирида «Озарбойжон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг йўловчи самолёти ҳалокатга учраши билан боғлиқ. Ўшанда Озарбойжон пойтахти Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига парвоз қилган Embraer E190 лайнери Қозоғистон ҳудудида қулаб тушганди. Натижада бортда бўлганлардан 38 нафари ҳалок бўлган, фақат 29 киши тирик қолганди.

Авиаҳалокат Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украин дронларинин Кавказ ҳудудига ҳужумларини қайтариши чоғида рўй берган. Озарбойжон ҳукумати самолётни Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учирган ракета уриб туширганини маълум қилган. Москва эса ҳодиса учун расман айбини тан олишдан бош тортганди.

Жорий йилнинг июл ойида Алиев Озарбойжон Россиядан ҳеч қандай асосли жавоб олмаганини ва халқаро судга мурожаат қилиш ниятида эканини айтганди. Шу билан бирга, у Озарбойжон самолёти билан боғлиқ ҳодисани ва 2014 йилда Донбасс осмонида Малайзиянинг «Боинг» самолёти уриб туширилгани билан қиёслаб, Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд самолёт қулаши учун Россияни айбдор деб топганини эслатди.

«Биз нима бўлганини биламиз ва буни исботлай оламиз, Россия расмийлари барчасидан хабардор эканини ҳам биламиз. Самолётнинг фюзеляжи бутунлай илма-тешик бўлганди. Самолёт ичида шрапнелдан яраланган икки киши бор эди. Шунинг учун бу самолётни Украина дрони уриб туширгани ҳақидаги фикр мутлақо бемаъни. Бу боғча болалари учун айтиладиган эртак», – деганди Алиев.

Пайшанба кунги учрашувда Путин гапни «нисбатан нозик мавзу»дан бошлашни таклиф қилди. Путин илк марта Озарбойжон самолёти Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари туфайли шикастланганини тасдиқлади, шунингдек, Россия осмонида рўй берган фожиа учун узр сўради.