Жаҳон | 13:59
2360
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Рамштайнда Ғарбни Украинага қўшин юборишга чақирди

«Бизнинг мақсадимиз – Россияни тинчликка мажбурлаш учун имкон қадар кўпроқ воситаларни топиш», — деди Украина раҳбари Рейнленд-Пфалцдаги АҚШ авиабазасида Киев иттифоқчилари йиғилиши очилишида.

Фото: Heiko Becker/REUTERS

Украинага хорижий қўшинларнинг киритилиши Россияни тинчликка мажбурлашнинг энг яхши воситаларидан биридир. Бу фикрни Украина президенти Володимир Зеленский 9 январ, пайшанба куни Германиянинг Рейнландия-Пфалцида Украина бўйича Рамштайн форматидаги алоқа гуруҳи 25-йиғилиши чоғида билдирди.

«Биз ҳаммамиз тушунамизки, бугун (Россия президенти Владимир) Путиннинг мақсадлари ўзгаришсиз қолмоқда. У Украинани бутунлай йўқ қилмоқчи — ва барчамизни, шу жумладан сизни ҳам синдирмоқчи. Шунинг учун бизнинг мақсадимиз — Россияни тинчликка мажбурлаш учун имкон қадар кўпроқ воситаларни топиш, - деди Украина раҳбари учрашув бошида. - Мен ҳамкорлар контингентини бундай жойлаштириш энг яхши воситалардан бири, деб ҳисоблайман».

Зеленский ўзининг Telegram-каналида ўтган йилнинг шу куни Франция «тинчликни янада яқинлаштириш учун Украинада ҳамкорлар контингентларини жойлаштириш» ғояси билан чиққанини эслади. Шунингдек, Киев Буюк Британиядан бу ғояни қўллаб-қувватловчи «сигналлар»ни эшитди, дейилади хабарда.

Афтидан, можаро кучайишига қарши бўлганлар томонидан бундай ташаббус танқид қилинишини кутган Украина президенти шундай деди: «Россиянинг кўплаб таҳдидлари ва дадил баёнотлари, айниқса, украиналиклар Курск областига кирганидан сўнг, блеф бўлиб чиқди. Ишончим комилки, агар биз Россияни тинчлик сари ундаш учун биргаликда ҳаракат қилсак, уларнинг кўпроқ таҳдидлари блеф бўлиб чиқади».

Maкрoн: Украинанинг таслим бўлиши на АҚШ, на Европа Иттифоқи учун фойдали эмас

Россия тажовузидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинанинг таслим бўлиши на АҚШга, на Европага фойдали бўлади. Бундай баҳони Франция президенти Эммануэл Maкрoн 6 январ куни Франция элчиларига қилган мурожаатида билдирди.

Шу билан бирга, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини эслатиб, Франция давлат раҳбари: «Украинада тез ва осон ечим бўлмайди», деди. «Американинг янги президентининг ўзи Украина мағлуб бўлса, Қўшма Штатларнинг ғалаба қозониш имконияти йўқлигини билади» ва «Украинанинг таслим бўлиши на европаликлар, на америкаликлар учун фойдали бўлиши мумкин эмас», дея қўшимча қилди у. Франциянинг RFI медиа-компанияси ўз сайтида Maкрoннинг сўзларини келтирди.

Эммануэл Maкрoннинг фикрича, агар Украинанинг Ғарб иттифоқчилари бу можародан чарчагани учун «муроса»га рози бўлишса, Ғарбнинг обрўсига путур етказилади. Айни пайтда украиналиклар «ҳудудий масалалар бўйича реал мунозаралар олиб боришлари керак», — дея огоҳлантирди Макрон.

20 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп инаугурациясига оз вақт қолар экан, кўплаб кузатувчилар Вашингтон Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдамни қисқартиришидан хавотирда.

Мавзуга оид