Ўзбекистон | 13:18 / 16.01.2025
2540
3 дақиқада ўқилади

Автомобил йўлларини таъмирлаш қандай молиялаштирилади?

Вазирлар Маҳкамасининг "Автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжатга мувофиқ, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасига умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини таъмирлаш ва сақлаш бўйича ҳар йиллик харажатлар сметасини ажратилган лимитлар доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда ҳар йили 1 мартдан кечиктирмай тузиш ва тасдиқлаш топширилди.

Қиймати БҲМнинг 6 000 бараваридан ошмайдиган автомобил йўлларини таъмирлаш ишлари смета асосида, бу суммадан ошадиган объектлар эса белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида шакллантириладиган манзилли рўйхатлар асосида молиялаштирилади. Ушбу ишлар Автомобил йўллари қўмитаси таркибидаги йўл ва кўприкларни сақлаш ва таъмирлаш ташкилотлари томонидан бажарилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

• Йўл хўжалиги соҳасида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олиш (ҳажм услуби) тартиби тўғрисидаги низом. Низомда йўл хўжалиги соҳасидаги лойиҳа ҳужжатлари Шаҳарсозлик кодекси, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида ишлаб чиқилиши белгиланган;     
• Автомобил йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифи. У умумий фойдаланишдаги йўллар, шаҳарлар ва кичик қўрғонлар, тижорат автомобил йўлларини сақлаш турлари ва қоидаларини белгилайди;   
• Автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари тугалланган объектларнинг асосий конструктив элементлари ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этиш техник воситаларига кафолатли хизмат қилиш муддатларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;
• Автомобил йўлларидаги табиий офат ва техноген хусусиятли вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф қилиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом. У умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш учун манзилли рўйхатларни расмийлаштириш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

Қарор билан Ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мавзуга оид