Жаҳон | 13:10 / 22.01.2025
2815
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда 9 йилдан сўнг биринчи марта туғилиш даражаси ўсди

Бу COVID-19 сабаб кечиктирилган никоҳлар сони кўпайиши билан боғлиқ.

Фото: AFP

Жанубий Кореяда 2014 йилдан буён илк бор туғилиш даражасининг ўсиши кузатилмоқда, деб хабар берди Reuters.

2024 йилнинг январидан ноябригача мамлакатда 220 минг нафар чақалоқ дунёга келган бўлиб, бу аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоиз кўп. Ушбу ўсиш COVID-19 пандемияси сабабли кечиктирилган никоҳлар сони кўпайиши билан боғлиқ экани таъкидланмоқда.

Олдинроқ мамлакат саккиз йил давомида туғилиш даражасининг изчил пасайишини қайд этганди. 2023 йилда бу кўрсаткич энг қуйи даражага тушган — бир аёлга 0,72 бола тўғри келган. Жанубий Корея бу борада жаҳон рейтингида энг паст ўринларни эгаллаб келмоқда.

2023 йилда мамлакатда никоҳлар сони 13,5 фоизга ошиб, деярли 200 мингтага етди — бу сўнгги қирқ йил ичидаги рекорд ўсиш ҳисобланади. Жанубий Кореяда никоҳ кўпинча фарзанд кўришдан олдин зарурий шарт сифатида қаралади ва одатда тўй билан бола туғилиши орасидаги вақт бир-икки йилни ташкил этади.

Бироқ маданий қарашлар аста-секин ўзгариб бормоқда: ўн йил олдин жанубий кореяликларнинг 77 фоизи никоҳсиз болалар туғилишига қарши чиққан бўлса, ҳозир бу 63 фоизга тушган.

Бундан ташқари, демографик инқирозга қарши курашиш мақсадида Жанубий Корея сўнгги йилларда ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширди. Янги турмуш қурганларни қўллаб-қувватлаш учун 2024 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда оила қурганларга имтиёз сифатида 500 минг вон (тахминан 350 доллар) миқдорида бир марталик тўлов жорий этилди.

Шунингдек, ўтган йили президент Юн Сок Ёл “миллий демографик инқироз” ҳақида эълон қилди ва ушбу муаммо билан шуғулланадиган янги вазирлик ташкил этиш режаларини ўз ичига олган стратегия ишлаб чиқилди.

Хитойда ҳам шундай тенденциялар кузатилмоқда: 2024 йилда туғилган чақалоқлар сони 5,8 фоизга кўпайиб, 9,54 миллионга етди. Бу ҳолат ҳам илгари кечиктирилган никоҳлар билан боғлиқ.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид