«Сити» плей-оффга энди қандай чиқади? ЕЧЛнинг сўнгги тури арафасидаги вазият
Турнирнинг янги форматида сўнгги туридан олдин кўплаб интригалар бор. Абдуқодир Ҳусанов ЕЧЛда фақат плей-оффдан бошлаб иштирок этиши мумкин, «Сити» эса «ПСЖ»га ютқазгач, плей-офф зонасидан ташқарига чиқиб кетди. Стартни муваффақиятсиз ўтказган «Реал» кучли саккизликка кириб олиши ҳам мумкин.

Фото: Getty Images
Олдинги форматда бу вақтга келиб мухлислар ЕЧЛ плей-оффининг барча иштирокчилари номларини билиб олган бўларди. Янги форматда эса жамоалар умумий жадвалда курашади, турлар сони эса олти эмас, саккизта. Турнир шакли ўзгариши бўйича баҳслар ҳамон давом этмоқда, аммо битта нарса аниқ — интригалар анча кўпайган. Қуйида 7-турдан кейин қандай вазият юзага келгани кўриб чиқилади.
Чемпионлар лигасининг янги форматдаги умумий гуруҳ босқичи 29 январ куни якунланади – сўнгги турдаги барча ўйинлар бир вақтда бўлиб ўтади.
Жамоалар яна биттадан ўйин ўтказишади. 36 иштирокчидан 24 таси плей-оффга йўлланма олади, дастлабки саккиз поғонада жойлашган саккиз жамоа — бирданига 1/8 финалга ўтади. Кимдир аллақачон баҳорда ҳам турнирдаги иштирокини давом эттиришини кафолатлаган, кимдир муддатидан олдин турнир билан хайрлашган. Шунга қарамай, кўпчилик ҳали ўз тақдири қандай кечишини билмайди.
Очколар тенг келиб қолган ҳолатда амал қилинадиган регламент
Биринчи навбатда қуйидаги кўрсаткичларга қаралади:
- Тўплар нисбати;
- Урилган голлар сони;
- Сафардаги голлар сони;
- Ғалабалар сони;
- Сафардаги ғалабалар сони;
- Рақиблар ишлаган очколар сони*;
- Рақиблар урган ва ўтказиб юборган голлар нисбати*;
- Рақиблар урган голлар сони*;
- Интизомий балллар;
- Клуб коэффициент.
*гап ҳар бир клубнинг барча саккиз рақиби ҳақида кетмоқда. Агар шартли «Ливерпул» ва «Барселона» 21 тадан очко жамғарса ва дастлабки беш банд бўйича кўрсаткичлари тенг келса, унда уларнинг саккиз турдаги рақибларининг турнирнинг умумий босқичидаги натижаларига эътибор қаратилади. Рақиблари яхшироқ натижа қайд этган клуб юқорироқда жойлашади.
Кимлар турнирни тарк этиб бўлди?
Назария тушунарли, энди амалиётга ўтамиз. Аввалига ҳатто топ-24’дан ҳам ўрин ололмаслиги 100 фоизга аниқ бўлган жамоалар ҳақида:
- РБ «Лейпциг» 7-турда «Спортинг»ни мағлуб этиб (2:1), дастлабки очколарини қўлга киритди. Бу эса етарли эмас, жамоа олдинроқ ҳаракат қилиши керак эди;
- Шунингдек, олдинги турларда Австриянинг «Ред Булл Залцбург» ва «Штурм» клублари, шунингдек «Жирона» ва «Црвена Звезда»да ҳам шунчадан очко бор. Улар кейинги босқичга чиқа олмаслиги аллақачон аниқ бўлган;
- «Слован» ва «Янг Бойз» клублари эса етти ўйиннинг барчасида ютқазди. Бу ўринда изоҳга ҳожат йўқ;
- «Спарта» Прага ва «Болоня» нисбатан яхшироқ ҳаракат қилиб, мос равишда тўрт ва бештадан очко қўлга киритган. Аммо уларга ҳам очко етмайди.
Кимлар плей-оффни ҳал қилиб бўлган?
«Ливерпул»ни (21 очко) биринчи ўриндан тушириш учун фақат «Барселона»да (18) назарий имконият бор. Шунга қарамай, бу икки клуб ўзи учун 1/8 финални кафолатлаган. «Арсенал» ва «Интер»га (16 тадан) эса 1/16 финалдан сакраб ўтиш учун охирги турда дуранг натижа ҳам кифоя қилади. Лондонликлар охирги турда «Жирона» меҳмони бўлади, миланликлар – «Монако»ни қабул қилади.
Шунингдек, кейинги ўринлардаги «Атлетико», «Милан» (15 тадан очко), «Аталанта» (14), «Байер», «Астон Вилла», «Монако», «Фейеноорд», «Лилл», «Брест» (13 тадан очко), «Боруссия» Дортмунд, «Бавария», «Реал», «Ювентус» ва «Селтик» (12 тадан очко) баҳорда плей-офф ўйинларида иштирок этиши аниқ, аммо 1/16 финал ёки 1/8 финалдан қайси бирида қатнашиши охирги турдаги натижаларга кўра аниқ бўлади.
«Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Реал»да вазият қандай?
«Шаҳарликлар» 7-турдан кейин 25-ўринга тушиб кетган бўлса ҳам, Гвардиола ва Ҳоланд ЕЧЛни муддатидан олдин тарк этиши даргумон. Топ-24 дан жой олиш учун инглизлар клуби охирги турда ўз уйида «Брюгге»га қарши ҳал қилувчи ўйинни ўтказади. Ғалаба қозонган тақдирда, «Сити» очколари сонини 11 тага етказади («Брюгге»да ҳам шунча), аммо юқорироқда жойлашади, чунки белгияликлар клубида урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбати ёмон. «Сити» охирги турда ғалаба қозона олмаса – турнирдаги иштирокини тўхтатади.
Opta таҳлилий маркази суперкомпютери жамоаларнинг ЕЧЛ плей-офф босқичига чиқиш имкониятларини фоизларда ҳисоблаб чиққан. Суперкомпютер «Сити»нинг имкониятларини 63,8 фоизга баҳоламоқда.
«ПСЖ» ЕЧЛнинг бу мавсумида уникал вазиятга тушиб қолди. Қуръа жамоани «Арсенал» ва «Бавария»га қарши сафарда, «Атлетико» ва «Сити»га қарши уйда қийин ўйинлар ўтказишга мажбур қилди, қолаверса, парижликларга яққол аутсайдер жамоалар рақиб бўлмади (қолган тўрт клуб «Жирона», «ПСВ», «Ред Булл» ва «Штутгарт»), жамоа Европанинг етакчи клублари билан тенгма-тенг ўйнади, аммо фақат биттасида, «Сити»га қарши ўйинда иродали ғалабага эришди. Энди сафарда Германиянинг «Штутгарт» клубига қарши ҳал қилувчи учрашув қолди. Бу ўйинда катта эҳтимол билан Луис Энрике шогирдларини дуранг натижа ҳам қониқтиради. Рақобатчилар ўз ўйинларида ғалаба қилиши мумкин, «ПСЖ» тўплар нисбати бўйича немислардан (ҳозирда икки жамоада ҳам 10 тадан очко бор) юқорида жойлашади. Агар «ПСЖ» ютқазса, унда «Бенфика» «Ювентус»га (йирикроқ ҳисобда) ёки «Спортинг» «Болоня»га ютқазиши, ёки «Сити» очко йўқотишига умид қилиши керак бўлади.
«ПСЖ» плей-оффдаги ўз ўрнини Загребнинг «Динамо» клубига бўшатиб бериши имконияти деярли йўқ – бунинг учун хорватлар клуби «Милан»ни енгиши ва французлар мағлубиятига умид қилиши керак бўлади. Назарий жиҳатдан, Германияда дуранг рўй берганида хорватларга ўз ўйинида ғалаба қозониш ҳам етарли бўлади, аммо бунинг учун ўта йирик ҳисобда ғалаба қозониш керак.
«Реал» гуруҳ босқичида «Ливерпул», «Лилл» ва «Милан»га ютқазганига қарамай, топ-8 га кириш имкониятига эга. Мадридликлар саккизинчи ўриндаги «Байер»дан фақат битта кам очко тўплаган. Амалдаги чемпионлар кучли саккизликка кириши учун рақобатчилар очко йўқотиши, Анчелотти шогирдлари эса охирги турда «Брест» майдонида йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши керак бўлади.
Қисқача айтганда, 9 клуб плей-оффга чиқиш учун курашмоқда. Охирги турда уларга қандай натижа керак?
• «ПСВ: «Ливерпул»га ютқазмаслик
• «Брюгге»: «Сити»га ютқазмаслик
• «Бенфика»: «Ювентус»ни енгиш
• «ПСЖ»: «Штутгарт»га га ютқазмаслик
• «Спортинг»: «Болоня»ни енгиш
• «Штутгарт»: «ПСЖ»га ютқазмаслик
• «Манчестер Сити»: «Брюгге»ни енгиш
• «Динамо» Загреб: «Милан»ни енгиш + бошқалар очко йўқотишини кутиш
• «Шахтёр»: «Боруссия» Дортмундни енгиш + бошқалар очко йўқотишини кутиш.
Яна қандай муҳим маълумотлар бор?
● Саккизта энг яхши жамоа тўғридан тўғри 1/8 финалга йўл олади. 9-24-ўринларни қўлга киритган жамоалар февралда ўтиш босқичида қатнашади: сараланганлар (дастлабки ярми) плей-оффнинг жавоб ўйинини ўз уйида ўтказади.
● Янги сеткада жамоалар қайси давлатга мансублиги бўйича ажратилмайди. Португалия вакиллари «Спортинг» ва «Бенфика» ўтиш ўйинларидаёқ тўқнашиши мумкин. Шунингдек, плей-оффнинг илк босқичидаёқ «Лилл» – «ПСЖ», «Сити» – «Вилла» ҳамда «Милан» – «Интер» жуфтликлари тўқнашиши мумкин. Олдинги форматда бир мамлакат жамоалари йўллари чоракфиналга қадар кесишмасди.
● Фақат иккита қуръа бўлади. 31 январ куни ўтиш раунди жуфтликлари аниқланади – ҳар бир жамоада фақат иккита эҳтимолий рақиб бўлади. Масалан: 9 ёк 10-ўринни эгаллаган жамоа 23 ёки 24-ўринни эгаллаган жамоага қарши ўйнайди – бу жуфтликлар ғолиблари 7 ёки 8-ўринлардаги жамоаларнинг 1/8 финалдаги рақибларига айланади. 11 ёки 12-ўринни эгаллаган жамоалар 21 ёки 22-ўринлардаги жамоаларга рақиб бўлади – буёғи шу форматда давом этади.
1/8 финал қуръаси 21 феврал куни ўтказилади.
«Ливерпул» ва «Барселона» – умумий босқич етакчилари – финалгача ўзаро учрашишмайди. Албатта, унгача етиб боришса.
Жамоаларнинг айни вақтдаги ўринлари бўйича эҳтимолий йўли:
Тавсия этамиз
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
АҚШ ҳарбийлари Хитойга қуроллар ҳақидаги махфий маълумотларни сотгани маълум бўлди
Жаҳон | 22:06
-
“Болаларни қўрқоқ қилиб қўймаслигимиз керак” — боғчадаги зўравонликлар ҳақида суҳбат
Жамият | 21:51
-
TikTok ўсмирлар учун чекловларни жорий этмоқда
Жаҳон | 21:50
-
13 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 21:32
Мавзуга оид

03:51 / 12.03.2025
«ПСЖ» «Ливерпул»ни пеналтилар сериясида мағлуб этди, «Барселона» ва «Бавария» ҳам 1/4 финалда

10:50 / 09.03.2025
«Сити» муҳим ўйинда ютқазди, «Барселона»да фожиа. Кун ўйинлари

21:50 / 06.03.2025
Абдуқодир Ҳусанов – «Манчестер Сити»нинг феврал ойидаги энг яхши ўйинчиси деб эълон қилинди

15:21 / 02.03.2025