Жаҳон | 14:56 / 24.01.2025
4586
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқидаги газ омборлари атиги 58 фоизга тўлган

Бу қишда Европа Иттифоқидаги газ омборларини тўлдириш даражаси ўтган қишга қараганда анча паст. Ўтган қишда бу кўрсаткич 74 фоизни ташкил этган эди.

Фото: elxeneize/Zoonar/picture alliance

Европа Иттифоқидаги газ захиралари бу йил қишда ўтган йилга нисбатан анча тез қисқарди. AFP 23 январ, пайшанба куни Европа газ сақлаш платформаси (Agsi) маълумотларига таяниб, газ омборлари атиги 58,5 фоизга тўлган, деб хабар берди. Ўтган қишда Европа Иттифоқининг газ сақлаш қуввати 74 фоизни ташкил қилган.

Германияда газ омборлари 61 фоизга тўлган, Италияда — деярли 68 фоиз, Франция Европа Иттифоқидаги энг паст кўрсаткичлардан бирини қайд этган — тахминан 42 фоиз. Вазият фақат Хорватияда ёмонроқ, у ерда бу кўрсаткич бироз пастроқ.

Газ таъминоти учун ҳозирча ҳеч қандай таҳдид йўқ

Европа Иттифоқидаги газ сақлаш сиғимининг ҳозирги даражаси газ етказиб бериш учун хавф туғдирмайди, бироқ Европа Иттифоқи давлатлари келгуси қиш мавсуми учун захираларни тўлдириш мақсадида 2023 ва 2024 йил ёзларига қараганда сезиларли даражада кўпроқ газ сотиб олишлари керак бўлади, дейилади Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ҳисоб-китобида.

Оксфорд энергетика тадқиқотлари институти ходими Майк Фулвуднинг тушунтиришича, газ захираларининг камайиши сабабларидан бири шамол энергияси ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келган «совуқроқ ва сокин об-ҳаво» бўлди. Бундан ташқари, жорий йил бошида Украина аввалроқ Украина қувурлари орқали Европага етказилган Россия гази бўйича транзит келишувининг амал қилиш муддати тугашига рухсат берди. Бу, айниқса, ҳозиргача Россия газини фаол равишда сотиб олган Австрия, Словакия ва Венгрияга таъсир қилди.

Яқинда Европада газ нархи ошди. Эталон ҳисобланган нидерланд TTF шартномаси 22 январ куни бир мегаватт-соатига 51 еврони ташкил этди, бу 2023 йил октябридан бери энг юқори кўрсаткичдир. 23 январ куни эрталаб нарх мегаватт/соат учун 50,29 еврони ташкил қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид