Жаҳон | 21:16 / 29.01.2025
3662
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда экологик тоза шаҳар қурилади

Садир Жапаров Қирғизистонда экологик тоза Кемин-Сити шаҳрини қуриш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, шаҳар 353,3 гектар майдонда жойлашади.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров республика ҳудудида экологик тоза Кемин-Сити шаҳрини қуриш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Қайд этилишича, ушбу шаҳар Чуй вилоятидаги Кемин туманида жойлашади. Лойиҳа фуқароларни уй-жой билан таъминлаш, ички ва ташқи миграцияни камайтириш, малакали кадрларни сақлаб қолиш ва ҳудудларда ижтимоий кескинликни пасайтиришга қаратилган.

Ҳужжатда белгиланишича, экологик тоза Кемин-Сити шаҳри 353,3 гектар майдонда қурилади. Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси 2025 йил 1 июнга қадар шаҳарнинг қурилиш концепциясини ишлаб чиқиши ва тасдиқлатиши керак.

Шунингдек, Кемин-Ситини қуриш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб борилади, тегишли инвестиция лойиҳалари имзоланади.

Аввалроқ Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги «Амирсой» курорт мажмуасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан норасмий учрашув ўтказган эди.

«Амирсой» тоғ-чанғи базасига қараб, лол қолдим. Ҳамкасбим Шавкат Мирзиёев бу базани нолдан юқори даражада қуриб чиқибди. Гап йўқ. Баракалла. Қанчадан қанча одамлар иш билан таъминланган. Миллионлаб туристлар бу ерга дам олиш учун келмоқда. Сервис даражаси Европаникидан қолишмайди. Ҳаммаси юқори даражада», – дея ёзган Садир Жапаров ташрифдан кейин.

Мавзуга оид