Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» «Сити»ни яксон этди, «Барса» «Реал»га яқинлашмоқда. Кун ўйинлари
Артета шогирдлари чемпионлик пойгасида, «МЮ» иложсиз аҳволда, «Рома» ва Шомуродов «Наполи»ни тўхтатди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: Мартинеснинг кўз ёшлари ва Гвардиоланинг фаолиятидаги энг йирик мағлубият

«Манчестер Юнайтед» — «Кристал Пэлас» 0:2
Голлар: Матета (64, 89).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес (де Лигт, 82), Магуайр, Йоро, Далот, Фернандеш, Угарте (Эриксен, 87), Мазравий (Зиркзе, 70), Гарначо, Майну (Ҳойлунд, 70), Диалло.
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Геҳи, Лакруа, Ричардс, Камада (Эзе, 61), Сарр (Девенни, 90+7), Митчелл (Клайн, 88), Лерма, Ҳюз (Уортон, 88), Мунйос, Матета.
Огоҳлантиришлар: Магуайр (49), Фернандеш (64), Ҳюз (72), Угарте (74).
Рубен Аморим бир неча марта «МЮ» «Олд Траффорд»даги ўйин кунлари руҳий муаммоларга дуч келаётгани ҳақида гапирганди. АПЛ доирасида «Брайтон»га қарши кечган олдинги уй учрашувидан кейин португалиялик мутахассис ҳиссиётга берилиб, «қизил иблислар»нинг ҳозирги версияси — тарихдаги энг ёмони эканини айтди. Шундан кейин манкунианликлар Европа Лигасида «Рейнжерс» (2:1) ва ФКСБ клубларини (2:0) мағлуб этди, АПЛда эса «Фулҳэм»га қарши сафар ўйинида устун келди (1:0). Жамоада бу мавсумда қаторасига уч ўйинда ғалаба ҳали кузатилмаганди. Ва якшанба кунги ўйинда бу серия ҳам тўхтади.
«Кристал Пэлас» билан қарама-қаршиликда биринчи бўлимдаёқ муаммолар юзага келди, фақат Онана мезбонларни қутқариб қолди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида эса «Юнайтед» собиқ дарвозабони Ҳендерсон деворидан ўта олмади. У бир неча дақиқа ичида Бруну Фернандеш ва Угартенинг хавфли зарбаларини қайтарди. Матета эса стандарт вазиятда ўз имкониятини қўлдан бой бермади ва тўсиндан қайтган тўпни дарвоза тўрига йўллади. Ушбу форвард ўйин охиридаги қарши ҳужумда Мунйоснинг пасидан кейин иккинчи голни ҳам урди.
Мезбонлар учун ўйинда яна бир ёқимсизлик рўй берди — 76-дақиқада Лисандро Мартинес навбатдаги марта жароҳат олди. Аргентиналик ҳимоячи бу мавсумда саломатлигидаги муаммоларни ҳал қилиб, яхши формага кирган ва жамоа етакчиларидан бирига айлангандек кўринганди. Аммо катта эҳтимол билан унинг учун мавсум якунланди. Шифокорлар майдонда олти дақиқа давомида ёрдам кўрсатишди, кейин эса у майдонни кўз ёш тўкканча замбилда тарк этди.
Мавсумдаги дастлабки 13 уй учрашувида етти мағлубият — «МЮ»нинг 1893/94 йиллар мавсумидан буён энг ёмон натижаси. Яъни бунақаси 131 йилдан буён бўлмаганди.
«Арсенал» — «Манчестер Сити» 5:1
Голлар: Эдегор (2), Парти (56), Люис-Скелли (62), Ҳавертц (76), Нванери (90+3) — Ҳоланд (55).
«Арсенал» – Райя, Габриэл, Салиба, Люис-Скелли (Калафиори, 90), Тимбер, Райс, Парти, Эдегор (Мерино, 84), Троссар (Нванери, 84), Ҳавертц (Стерлинг, 90), Мартинелли.
«Манчестер Сити» – Ортега, Гвардиол, Стоунз, Аканжи, Матеуш Нунеш, Ковачич, Бернарду Силва, Савио, Мармуш (де Брюйне, 72), Фоден (Макати, 72), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Тимбер (25), Эдегор (71).
Турнинг марказий баҳси олдидан Артета Райяда жароҳат борлиги, унинг майдонга тушиши сўроқ остида эканини айтганди. Амалда эса бу унинг навбатдаги ҳийласи бўлиб чиқди, дарвозабон майдонга тушди. «Сити» кипери Эдерсон эса бу сафар жароҳат туфайли ўйин қайдномасига ҳам киритилмади – унинг ўрнини Ортега эгаллади. Майдон марказида яна де Брюйне эмас, Мармуш эгаллади.
«Арсенал» рақиб мудофаасини иккинчи дақиқадаёқ бузиб ўтди, «шаҳарликлар»нинг тажрибали ҳимоячиси Мануэл Аканжи қўпол хатога йўл қўйди — у жарима майдони яқинида Стоунзнинг ноқулай пасини яхши қабул қила олмади ва уни рақибларга олдириб қўйди. Якунда Мартин Эдегор Кай Ҳаверцнинг узатмасидан кейин амалда бўш дарвозани ишғол этди. Барча «Челси»га қарши ўйин стартини ёдга олди, бу сафар захирада қолдирилган Абдуқодир Ҳусанов ўрнида ҳаракатланган тажрибали ҳимоячилар ҳам хатога йўл қўйишди.
Бешинчи дақиқада лондонликлар ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди, аммо Мартинеллининг голи офсайд туфайли бекор қилинди.
Тезкор гол «Арсенал»га ҳимояга қайтиш ва қарши ҳужумларда омадини синашга имкон берди. Қолаверса, «Сити» позицион ҳужумларда ҳеч нарса қила олмади — Гвардиола жамоаси биринчи бўлимдаги ягона хавфли вазиятини стандартдан юзага келтирди. 23-дақиқада Мармуш бурчакдан тўпни Йошко Гвардиолнинг бошига етказиб берди — аммо хорватиялик ҳимоячининг кучли зарбасини Давид Райя қайтариб қолди.
«Арсенал» позицион ҳужумлар уюштиришга катта эътибор қаратмади — биринчи бўлим давомида ўйиннинг фақат 39 фоиз қисмида тўпга эгалик қилди. «Канонирлар» энг хавфли вазиятларига ёки қарши ҳужумларда, ёки рақибни жарима майдони атрофида прессинг қилиш эвазига яратди — 27-дақиқада «Сити» мезбонларга яна бир бор голли вазият совға қилди. Ўйинни бошлашда иштирок этган дарвозабон Штефан Ортега тўпни ноқулай вазиятдаги Матео Ковачичга узатди, ундан эса Деклан Райс тўпни олиб қўйди. Тўп Ҳаверцга етиб борди, аммо Кай ўз услубида ажойиб вазиятни йўққа чиқарди — деярли ҳимоясиз дарвоза томон зарба берди, аммо тўп қийшиқ кетди.

Танаффусдан кейин «шаҳарликлар» рақибни издан чиқариш ҳаракатларини давом эттирди: иккинчи бўлимнинг дастлабки 10 дақиқалигида тўпга эгалик қилиш бўйича 58 фоизлик кўрсаткич қайд этилди ва шу давр оралиғида ҳисоб тенглаштирилди. 55-дақиқада «Сити»нинг кўп сонли комбинациялари ниҳоят иш берди: Савио ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олиб, олис устун томон пас берди. Эрлин Ҳоланд тўп учун курашда Салибадан устун келди ва бош билан аниқ зарба йўллади.
Меҳмон жамоа футболчилари жавоб голини ҳаддан ташқари ҳиссиётга берилиб нишонлашди ва ҳушёрликни ҳам йўқотиб, икки дақиқа ичида гол ўтказиб юборишди — жамоа яна ўз жарима майдони атрофида хато қилди. Бу сафар Фил Фоден қанотдан марказ томон йўллаган пасни Томас Парти эгаллаб олди ва вақт йўқотмасдан зарба йўллади — тўп Стоунз орқали рикошет бориб, дарвоза бурчагига йўл олди.
Олти дақиқа ўтиб эса 18 ёшли Майлз Люис-Скелли интригани ўлдирди. Ёш ҳимоячи «Арсенал» ҳужумларидан бирида чап қанотдан жарима майдонига кириб бориб, тўпни қабул қилди ва дриблинг билан бир неча рақибдан ўтиб, тўпни олис бурчакка жойлади. У АПЛдаги биринчи голини Ҳоландни масхара қилган ҳолда нишонлади, бунга норвегиялик ҳужумчи жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйини вақтида унга менсимай муносабатда бўлгани сабаб эди.

Ҳисоб 1:3 ҳолатида «Сити» катта куч билан олдинга ташланди ва шу туфайли қарши ҳужумларни ўтказиб юборди. Райя дарвозаси атрофида эса хавфли вазиятлар юзага келмади — ўйинчи алмаштиришлар ҳам ёрдам бермади: 72-дақиқада Кевин де Брюйне ва Жеймс Макэйти майдонга тушганди. Белгиялик сардор ҳам жамоаси ўйинини жонлантира олмади — Ҳоланднинг зарбаси «шаҳарликлар»нинг иккинчи бўлимдаги ягона зарбаси бўлиб қолди.
«Арсенал»да қарши ҳужумларда Мартинелли ва Ҳаверц вазиятлар яради. Бу ҳужумлардан бирида бразилияликнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасини Ортега қийинчилик билан қайтарди. 76-дақиқада эса Габриэл жарима майдонига кириб бориб, ўзидан қулайроқ вазиятда турган Кайни тўп билан таъминлади — немис футболчи бу сафар зарба беришда адашмади. «Сити»ни захирадан тушган 17 ёшли Итан Нванери узил-кесил таслим қилди — 90+3-дақиқада у узоқ масофадан қайтариб бўлмас зарба йўллади. Гвардиола мураббийлик фаолиятидаги энг йирик мағлубиятни қабул қилиб олди — 1:5.
Бу йирик ғалаба эвазига Артета «Ливерпул» билан фарқни олти очкога қисқартирди, «Сити» тўртинчи ўринда қолди («Нюкасл» билан бир хилда 41 очкодан тўпланган) ва душанба кунги ўйин натижасига кўра «Челси»ни олдинга ўтказиб юбориши мумкин.

Испания: Левандовскининг 30 голи
«Барселона» — «Алавес» 1:0
Гол: Левандовски (61).
«Барселона» – Шесни, Балде (Мартин, 83), Кубарси, Араухо (Эрик Гарсия, 46), Кунде, Педри, Касадо (де Йонг, 46), Гави (Лопес, 14), Рафиня (Ферран Торрес, 67), Левандовски (Пау Виктор, 90+1), Ямал.
«Алавес» – Овоно, Санчес, Диарра, Моуринио, Теналя, Гевара (Вилялибре, 90+1), Антонио Бланко, Конечни (Мартин, 14), Гуриди (Тони Мартинес, 76), Висенте (Новоа, 76), Кике Гарсия.
Огоҳлантиришлар: Гави (7), Араухо (34), Теналя (55), Бенавидес (65), Рафиня (67), Ямал (89), Лопес (89).
«Барселона» яна бир марта 90 дақиқа давомида қуйи блокда ҳимояланиш учун майдонга тушган рақибга қарши муаммоларга учради. Аммо каталонияликлардаги даража «Алавес» мудофаасини бузиш учун етарли бўлди. Педри чап қанотдан Ямал йўналишида ажойиб диагонал пас узатди ва унинг тўпни тўхтатмай йўллаган зарбаси Левандовскининг голи билан якунланди. Полшалик ҳужумчи мавсумдаги голлари сонини ўттизтага етказди, унинг кўк-анорранглилар формасидаги жами голлари 88 тани ташкил этмоқда. У аллақачон «Барселона» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида Роналд Куман билан 27-ўринни бўлишиб турибди. Унда Бернд Шустер (89), Техада (91) ва Роналдино (93)дан ҳам ўзиб кетиш учун имконият етарли.
Бу ўйин учун мезбонлар сафидаги яна бир неча футболчини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Хусусан, Ямал Месси даврларини ёдга солиб юборди. Ла Лиганинг бир ўйинида алдаб ўтишга 21 уриниш (11 таси муваффақиятли) — аргентиналик афсона давридан буён энг яхши кўрсаткич. Гави ҳам ўйинда энг фаол ҳаракат қилган футболчилардан бири бўлди, унинг жароҳати мухлисларда ваҳима уйғотди. Аммо кейин Ҳанси Флик барчани тинчлантирди: ҳавбек ўйинни давом эттиришга тайёр бўлган, аммо шифокорлар таваккал қилишни истамаган. Кейинроқ чиндан ҳам Гави билан жиддий нарса бўлмагани маълум қилинди. Асосийси эса — «Барса» шу турда аутсайдерга ютқазган «Реал»га яқинлашиб олди. Биринчи ўрингача — тўрт очко, кейинги турда Мадриддаги икки рақобатчидан камида биттаси пойтахт дербисида очко йўқотиши тайин.

Италия: Коло Муани — «Ювентус» учун топилма
«Ювентус» — «Эмполи» 4:1
Голлар: Коло-Муани (61, 64), Влаҳович (90), Консейсау (90+3) — Де Шилио (4).
«Ювентус» – Ди Грегорио, Савона, Вейга, Гатти, Веа, Копмейнерс, Локателли, Йилдиз (Влаҳович, 65), Маккенни (Тюрам, 85), Гонсалес (Консейсау, 86), Коло-Муани.
«Эмполи» – Васкес, Мариянуччи (Тосто, 90+1), Исмайли (Гогличидзе, 59), Де Шилио, Мале, Эспозито (Конате, 90+2), Какаче, Анжорин (Журковски, 49), Ҳендерсон (Баччи, 90+2), Гяси, Коломбо.
Огоҳлантиришлар: Гяси (37), Мале (41).
Четлатиш: Мале (84).
«Ювентус» собиқ ҳимоячиси, бу мавсум «Эмполи»да ижара асосида ўйнаётган Де Шилиодан тезкор гол ўтказиб юбориб, мухлисларини карахт ҳолатга туширди. Бироз ўтиб туринликларни пеналтидан VAR қутқариб қолди, бу вазиятда рақиб футболчиси ҳужум бошида тўпни қўл билан ўйнагани ойдинлашди. Биринчи бўлимда Тиагу Мотта шогирдлари яратган хавфли вазият — Нико Гонсалеснинг чалқанча услубда йўллаган зарбаси бўлди, аммо дарвозабон тўсин остига кириб кетаётган тўпни қайтарди.
Иккинчи бўлимда «Кекса синиора» чинакамига уйғонди, Коло Муани эса «Ювентус»га нега келганини исботлади. Қишки трансферлар доирасида «ПСЖ»дан ижарага олинган форвард «Наполи»га қарши кечган илк ўйинида ҳам гол урганди, бу сафар эса уч дақиқа ичида дублни расмийлаштирди. Биринчи ҳолатда француз ҳужумчиси ҳимоячини ўйиндан чиқариб, яқин бурчакка кучли зарба йўллади. Иккинчисида — узоқ давом этган ҳужумни Веанинг узоқ масофадан йўллаган зарбасига ҳоккейча услубда оёқ қўйиб дарвозабонни иложсиз аҳволда қолдирди. Шу тариқа, у Карлос Тевесдан кейин (2013 йил) «Юве»нинг дебютдаги икки голида ҳам гол урган илк футболчисига айланди.
Ўйин охирида эса узоқ масофадан зарба йўллаган Влаҳович ҳамда Тюрамнинг узун пасидан кейин яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Франсишку Консейсау «Эмполи»ни узил-кесил таслим этди. Бянконерилар тўртинчи ўринга кўтарилди. Лекин «Лацио» душанба куни «Каляри» билан ўйинда ғалаба қозониб, ЕЧЛга йўлланма берувчи охирги ўринни ўзиники қилиб олиши мумкин.
«Милан» — «Интер» 1:1
Голлар: Рейндерс (45) — де Врей (90+3).
«Милан» – Менян, Тео, Павлович, Томори, Уокер, Рейндерс, Бинносир (Хименес, 46), Муса (Терраччано, 78), Леау (Габбия, 85), Пулишич (Чуквуэзе, 86), Абраҳам (Камарда, 78).
«Интер» – Зоммер, Бастони (Карлос Аугусто, 63), де Врей, Павар (Биссек, 63), Димарко (Залевски, 76), Мхитарян (Фраттези, 76), Чалхонўғли (Зелински, 63), Барелла, Думфрис, Мартинес, Тюрам.
Огоҳлантиришлар: Бастони (53), Думфрис (61).
Жорий мавсумдаги натижалардан келиб чиқиб қаралса, Милан дербисида фаворит аён эди. Аммо «Милан» чемпионатнинг биринчи даврасидаги ўйинда ҳам, Италия Суперкубоги финалида ҳам ғалаба қозонганди.
Нерадзурриларнинг жароҳат туфайли бу ўйинларда қатнаша олмаган етакчиси Ҳоқон Чалхонўғли учинчи дербида майдонга тушди. Россонерилар сафига «Фейеноорд»дан мексикалик тўпурар Сантяго Хименес келиб қўшилган. У «Галатасарой»га йўл олган Мората ўрнига чақирилган, номинал мезбонлар ўнг қанотида эса Уокер дебют қилди.
У қадар томошабоп бўлмаган ўйинда вақт ўтиб «Интер» ташаббусни қўлга ола бошлади. Нерадзуррилар рақиб дарвозасини икки бор ишғол этишди, икки сафар ҳам офсайд қайд этилди. Танаффус арафасида эса Рейндерс катта саҳнага чиқди. «Милан» яримҳимоячиси аввалига узоқдан зарба бериб, Зоммерни яқин тўққизликка кетаётган тўпга отилишга мажбур қилди. Чалхонўғли майдон марказида прессинг туфайли тўпни йўқотганида эса қизил-оқлар Эрнандес ва Рафаэл Леау иштирокида қарши ҳужум уюштирди, дарвозабон эса зарбадан кейин тўпни Рейндерснинг оёғига ташлаб берди.
Иккинчи бўлим давомида ҳужум вақтидаги фол туфайли «Интер»нинг учинчи голи ҳам бекор қилинди, яна уч эпизодда — Биссек, Тюрам ва Думфриснинг зарбаларидан кейин — Менянга устун ёрдамга келди. Дарвозабоннинг ўзи эса қўшимча дақиқаларда яқин масофадан йўллаган зарбани тўсди. Аммо барибир «Интер» ўйинга қўшиб берилган беш дақиқанинг учинчиси ўтиб бораётганида мағлубиятдан қутулиб қолди, шу кунларда «Рома»дан келган Залевски кўкраги билан тўпни қулай вазиятдан зарба берган де Фрейга ташлаб берди. Нерадзуррилар ютқазмаганидан хурсанд, аммо бу дуранг орадаги фарқни йириклаштириш имкониятига эга бўлган «Наполи»ни кўпроқ хурсанд қилганди.
«Рома» — «Наполи» 1:1
Голлар: Анхелино (90+2) — Спинаццола (29).
«Рома – Свилар, Анхелино, Ндика, Манчини, Ренсх (Балданзи, 80), Пизилли, Кристанте (Довбик, 64), Коне (Паредес, 56), Ал Шаъровий (Салемакерс, 55), Шомуродов (Дибала, 80), Соуле.
«Наполи» – Мерет, Спинаццола, Жезус, Рраҳмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка, Замбо-Ангисса, Нерес (Маццокки, 76), Лукаку (Симеоне, 81), Политано (Распадори, 86).
Огоҳлантиришлар: Политано (14), Коне (51), Пизилли (72).
Антонио Конте жамоаси Римдаги ўйинда дарҳол ташаббусни ўз қўлига олди. Клаудио Раниери туширган таркиб ҳам бунга имкон берарди. Ҳафта ўртасида Европа лигаси гуруҳ босқичида «Айнтрахт» дарвозасига ҳал қилувчи голни урган Элдор Шомуродов илк дақиқалардан ҳаракат қилди, Дибала, Пеллегрини, Довбик, Паредес ва Ҳуммелс римликлар захира ўриндиғида қолдирилди. Биринчи бўлим ўрталаридан ўтганида Спинаццола собиқ жамоасига урган гол ўйин мантиғидан келиб чиқди.
«Бўрилар» биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо Мерет меҳмонларни қутқарди. Иккинчи бўлимда Паредеснинг жарима зарбасидан кейин тўс устунга тегди. Қўшимча дақиқаларда эса римликлар барибир мағлубиятдан қутулиб қолишди. Пайшанба куни «Айнтрахт»га қарши ўйин қаҳрамонларидан бири бўлган Анхелинио Салемакерснинг узатмасидан кейин тўпни тўхтатмасдан узоқ бурчакка аниқ йўллади. Римда ҳам «Сан-Сиро»даги воқеалар деярли такрорланди. Икки дурангдан кейин турнир жадвалининг юқори қисмидаги ҳолат ўзгармай қолди. «Наполи» ҳамон биринчи ўринда, «Интер» — уч очколик фарқ билан таъқиб этмоқда, аммо захирада бир ўйини бор.

Германия: Бонифейснинг қайтиши
«Айнтрахт» — «Волфсбург» 1:1
Голлар: Узун (81) — Тута (50, автогол).
«Айнтрахт» – Трапп, Теате, Кох (Кристенсен, 15), Тута, Кнауфф (Баойя, 57), Гётце, Браун (Нкунку, 68), Ҳойлунд (Ларссон, 57), Схири (Узун, 68), Коллинз, Экитик.
«Волфсбург» – Грабара (Мюллер, 66), Мэле, Кулиеракис, Вавро, Фишер, Арнолд, Герҳардт, Сванберг (Дардаи, 75), Тиагу Томаш (Роэрслев, 75), Амура (Нмеча, 85), Винд (Беренс, 85).
Огоҳлантиришлар: Мэле (45+1), Сванберг (71), Баойя (72), Герҳардт (90+7).
Еврокубок йўлланмаси учун курашаётган «Волфсбург» вақти вақти билан топ-4 жамоаларидан очко тортиб олмоқда. Бу сафар мисрлик тўпурари Мармушсиз қийналаётган «Айнтрахт» жабрланди. Якшанба куни «бургутлар»ни мағлубиятдан 19 ёшли Жан Узун қутқариб қолди. Туркия миллий жамоасига жалб этилган ушбу футболчи қанотдан узатмага баланд сакраб, бош билан аниқ зарба йўллади. Учинчи ўриндаги «Айнтрахт» ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо дуранг билан кифояланиб, бу турда «Лейпциг» ва «Штутгарт» ҳам очко йўқотганидан фойдаланиб, илгарлаб кета олмади.
«Байер» — «Ҳоффенҳайм» 3:1
Голлар: Бонифасе (15), Фримпонг (19), Шик (51) — Орбан (62).
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Виртц (Паласиос, 84), Телла (Буэндиа, 42), Грималдо, Жака, Алеиш Гарсия, Фримпонг (Артур, 84), Бонифасе (Шик, 46).
«Ҳоффенҳайм» – Филипп, Акпогума, Гранач (Моква, 73), Чавес, Бисхоф, Гложек, Юрасек (Беренс, 62), Бекер, Гайгер (Орбан, 62), Бюлтер (Нсоки, 62), Ярдижи (Прасс, 84).
Огоҳлантиришлар: Гайгер (34), Грималдо (45+2), Бисхоф (79), Та (79), Ярдимжи (79), Алеиш Гарсия (90+5).
Четлатиш: Грималдо (61).
«Байер» эса чемпионлик интригаси барҳам топмаслигига ҳаракат қилмоқда, ўтган турда жамоа «Лейпциг»га қарши ўйиндаги икки гол устунлигини бой бериб (2:2), интригани ўлдиришига сал қолганди. Аммо «Ҳоффенҳайм» — бошқа вазн тоифасидаги рақиб эди ва Ҳаби Алонсо жамоаси бу рақибни анча тез таслим қилди. Айниқса ҳисобни жароҳат туфайли ноябр ўрталаридан буён ўйнамаган Бонифейс очгани мухлисларни хурсанд қилди. Нигериялик ҳужумчи Шик билан жиддий рақобат қилишига тўғри келади, чехиялик ҳужумчи имкондан фойдаланиб, ўз оптимал формасига қайтиб олган. Якшанба куни у ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди ва мавсумдаги голларини 14 тага етказиб қўйди. Бу ғалабага қарамай, «Байер» «Бавария»дан олти очкога ортда қолмоқда.

Мавзуга оид
18:11 / 03.06.2026
Абдуқодир Ҳусанов АПЛда трансфер нархи энг кўп ошган футболчилар ўнталигига кирди
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026