Жаҳон | 14:17 / 03.02.2025
3191
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Доналд Трампни божхона тўловлари бўйича танқид қилди

Европа Иттифоқи ноҳақ ёки ўзбошимчалик билан тарифларни жорий қилган ҳар қандай савдо шеригига «қатъий жавоб беради», дея маълум қилди Брюссел.

Фото: Omar Martinez/dpa/picture alliance

Европа Комиссияси АҚШ президенти Доналд Трампни яқинда қабул қилинган тариф қарорлари ортидан юзага келиши мумкин бўлган савдо урушлари оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. «Европа Иттифоқи Қўшма Штатларнинг Канада, Мексика ва Хитойга тарифлар жорий этиш қароридан афсусда», — дейилади Европа Иттифоқининг 2 феврал, якшанба кунги баёнотида. Очиқ бозорлар ва халқаро савдо қоидаларига риоя қилиш кучли ва барқарор иқтисодий ўсиш учун зарур, деди Европа Иттифоқи расмийси. Тарифлар кераксиз иқтисодий бузилишларни келтириб чиқаради ва инфляцияни рағбатлантиради, «барча томонларга зарар етказади».

Европа Иттифоқи вакилининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ноҳақ ёки ўзбошимчалик билан тарифларни жорий қилган ҳар қандай савдо шеригига «қатъий жавоб беради». «Қўшма Штатлар билан савдо ва сармоявий алоқаларимиз дунёдаги энг йирик ҳисобланади. Бу борадаги улушлар юқори», — деди у. Европа Иттифоқи нуқтайи назаридан, ҳар икки томон ҳам мавжуд муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши керак. Вакилнинг таъкидлашича, ҳозирда АҚШнинг Европа Иттифоқи маҳсулотларига қўшимча тарифлари маълум эмас.

ЕК раиси Трампни савдо урушлари бошланишидан огоҳлантирди

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен январ ойида Трампни Европа билан савдо урушини бошламаслик ҳақида огоҳлантирган, бироқ музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирган. «Дунёда бизникидек бир-бирига чамбарчас боғланган бошқа ҳеч қандай иқтисодиёт йўқ», деди у Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида.

ЕК раҳбарининг эслатишича, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги йиллик савдо ҳажми 1,5 триллион еврони ташкил этади, бу жаҳон савдосининг 30 фоизига тўғри келади. Фон дер Ляйен сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг устувор йўналиши Американинг янги раҳбарияти билан дастлабки алоқаларни ўрнатиш ва умумий манфаатларни муҳокама қилишдан иборат.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид