Жаҳон | 23:50 / 06.02.2025
5629
3 дақиқада ўқилади

Трампда урушни тугатиш бўйича расмий режа йўқ — Зеленский

Украина раҳбари «Биз ҳали ҳам расмий музокаралар ва расмий натижаларни кутамиз», деди.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия-Украина урушини тугатиш бўйича ҳали расмий режаси йўқлигини айтди.

«Расмий режа ҳали йўқ. Турли нашрларда тарқалаётган режалар... ишончим комил, бу президент Трампнинг расмий режалари эмас», деди Украина раҳбари Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Зеленскийнинг таъкидлашича, бундай режа қандай бўлиши кераклиги тўғрисида Киевда «тасаввур» бор ва «аниқ бандлар» Трамп инаугурациясидан олдин ҳам АҚШ билан муҳокама қилинган.

Зеленский сўзларига кўра, эҳтимолий режа ҳақида турли талқинлар бўлади. Қайсидир маънода, бу хабарлар, деди у, ҳақиқатга тўғри келиши мумкин, лекин кўп ҳолларда бундай эмас. «Биз ҳали ҳам расмий музокаралар ва расмий натижаларни кутамиз», деб қўшимча қилди Украина президенти.

Январь ойи охирида Украинанинг «Страна.ua» нашри урушни 100 кун ичида тугатиш режасини эълон қилди, таъкидланишича, бу режа Доналд Трампнинг жамоаси томонидан ишлаб чиқилган. Нашрнинг таъкидлашича, сўнгги кунларда бу режа «Украинадаги сиёсий ва дипломатик доираларда фаол муҳокама қилинган».

Аввалроқ, Трамп маслаҳатчилари Украина учун тинчлик режасининг бир нечта вариантини таклиф қилган эди. Унда Украина НАТО аъзоси бўлиш ниятидан воз кечиши ва ҳудудларни Россияга бой бериши ҳақидаги бандлар бўлган.

Bloomberg хабарига кўра, АҚШ иттифоқчилари Мюнхен хавфсизлик конференциясида Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кейт Келлогг томонидан АҚШ президентининг урушни тугатиш режаси тақдим этилишини кутишган эди. Тадбир Германияда 14-16 февраль кунлари бўлиб ўтиши керак. Бироқ, Келлогг бу хабарларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, режани Трампнинг ўзи тақдим этади, аммо «бу кейинги ҳафтада амалга ошмайди».

Мавзуга оид