Жамият | 23:23 / 10.02.2025
2115
2 дақиқада ўқилади

Латвияда оғир касалликка чалинган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

Беморнинг даволаниши ва ватанга қайтиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Халқаро миграция ташкилоти Рига офиси кўмагида ижобий ҳал этилди.

Фото: dunyo.info

Латвияга ишлаш мақсадида борган ва оғир касалликка чалинган Ўзбекистон фуқароси элчихона ходимлари кўмагида ватанга қайтарилди.

Қайд этилишича, ўзбекистонлик М.В. ўтган йили ишлаш мақсадида Рига шаҳрига борган. Аммо соғлиғида кузатилган муаммолар сабабли шу йил январь ойи ўрталарида Рига шаҳридаги шифохоналардан бирига даволаниш мақсадида жойлаштирилган.

Шундан сўнг, у Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, ватанга қайтиш ва шифохона билан юзага келган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам сўраган.

Дипломатлар шифохона масъуллари билан учрашув ўтказиб, барча муаммоларни ҳал этиш бўйича келишиб олган. Шунингдек, фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган.

«Беморнинг даволаниши ва ватанга қайтиши билан боғлиқ харажатлар мамлакатимиз элчихонаси ҳамда Халқаро миграция ташкилоти Рига офиси кўмагида ижобий ҳал этилди. Юртдошимиз Узбекистан Аирwайс миллий авиакомпаниясининг Рига—Тошкент йўналишидаги самолёти билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди», — дейилади хабарда.

Бундан олдин Хитойда мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Туркияда қаровсиз қолган ўзбекистонлик болалар ватанга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид