Жаҳон | 08:21 / 11.02.2025
2711
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Трампнинг махсус вакили 20 февралда Украинага ташриф буюради

АҚШ президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог 20 феврал куни Киевга ташриф буюради, деб хабар бермоқда AFP.

Кит Келлог Фото: AP

АҚШ президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог 20 феврал куни Киевга ташриф буюради. Бу ҳақда 10 феврал, душанба куни AFP агентлиги Украина президенти Володимир Зеленскийнинг идорасидаги манбасига таяниб хабар берди. Reuters, шунингдек, ташриф ой охиригача амалга ошишини хабар қилди.

Сафар дастлаб 20 январ куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг инаугурацияси олдидан режалаштирилган эди, бироқ кейинга қолдирилди.

Уолтц: АҚШ Украина хавфсизлиги кафолатларини Европага юклайди

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг юқори мартабали расмийлари келаси ҳафта европалик амалдорлар билан учрашиб, Украинадаги кенг кўламли урушни тугатиш йўлларини муҳокама қилади. Бу ҳақда 9 феврал куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтцга таяниб, Associated Press хабар берди. Уолтцга кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, мудофаа вазири Пит Хегсет, вице-президент Жей Ди Вэнс ҳамда АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог Европага сафар қилади.

Шу куни Майк Уолтц NBC телеканалига берган интервюсида айнан Европа Украинага уруш тугаганидан кейин хавфсизлик кафолатларини бериши кераклигини, АҚШ эса Киевга ҳарбий ёрдам учун сарфлаган харажатларини қоплаш ниятида эканини айтди. «Биз бу харажатларни қоплашимиз керак ва бу украиналиклар билан нодир металлар, табиий ресурслар, нефт-газ ва бизнинг ресурсларимизни сотиб олиш бўйича ҳамкорлик бўлади», деди Трамп маслаҳатчиси.

АҚШ президенти «урушни тугатиш» ва «барча томонларни», жумладан Хитой, Ҳиндистон ва Яқин Шарқни музокараларга жалб этиш ниятида, дея таъкидлади Уолтц. Шунингдек, у, агар Москва мулоқотдан бош тортса, Трамп Россияга қарши «солиқлар, тарифлар, санкциялар» жорий этишдан қўрқмаслигини қўшимча қилди.

Мавзуга оид