Жаҳон | 19:42 / 11.02.2025
3496
2 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия маҳсулотлари импортига қўйилган чекловни бекор қилди

Энди Сурия ўз товарлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини Туркия бозорларига экспорт қилиши мумкин.

Фото: IHA Photo

Туркия Савдо вазирлиги Сурия товарлари ва маҳсулотлари импортига рухсат берди. Бу ҳақда Қуруқлик ва денгиз портлари бош бошқармаси Мазен Аллуш маълум қилди.

«Қуруқлик ва денгиз портлари бош бошқармаси ҳамда Туркия Савдо вазирлиги йиғилишида Сурия товарлари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг турк бозорларига экспортига қўйилган чекловни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо битими 2011 йилда, Сурияда фуқаролик уруши бошланганида тўхтатилган эди. Мухолифат кучлари ўтган йилнинг декабр ойида Башар Асадни ҳокимиятдан четлатгач, Туркия мамлакат иқтисодиётининг қайта тикланишига ёрдам беришни ваъда қилган.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Суриянинг қайта тикланишига ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамият ундан санкцияларни олиб ташлаши кераклигини маълум қилганди. «Олдинги режимга қарши жорий этилган санкциялар имкон қадар тезроқ олиб ташланиши керак», — деган Фидан Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Айни пайтда Туркия ва Сурия ўртасидаги алоқалар 2024 йил 8 декабрда Башар Асад режими қулаганидан сўнг жадал ривожланмоқда. Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз мамлакатининг Сурия инқирозига аралашуви нафақат асосли, балки зарур қадам эканини яна бир бор таъкидлаганди.

Шунингдек, ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлар Сурияга қарши санкцияларни олиб ташлашни назарда тутувчи йўл харитасини келишиб олган. Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласга кўра, Европа Иттифоқи санкцияларни бекор қилишда «тезроқ ҳаракат қилишга интилмоқда», аммо унинг огоҳлантиришича, мамлакатнинг янги ҳукумати «нотўғри қадамлар ташласа» қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид