Спорт | 12:35 / 23.02.2025
12030
22 дақиқада ўқилади

«Арсенал» пойгадан чиқмоқда, «Барселона» реванш олди. Кун ўйинлари

«Арсенал» «Ливерпул»даги пасайишдан фойдалана олмади, «МЮ» 0:2 ҳисобидан чиқиб кетди, «Барселона» қийин ўйинда VAR ёрдамида ғалабани сақлаб қолди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Julian Finney/Getty Images

Англия: Рэшфорд Эмерининг қўл остида жонланмоқда

«Эвертон» — «Манчестер Юнайтед» 2:2
Голлар:
Бету (19), Дукуре (33) — Фернандеш (72), Угарте (80).
«Эвертон» — Пикфорд, О'Брайен, Тарковски, Брэнтуэуйт, Миколенко, Гарнер (Айрогбунам, 81), Гуйе, Линдстрем (Янг, 54), Дукуре (Алкараз, 81), Ҳаррисон, Бету. 
«Манчестер Юнайтед» — Онана, Далот, Мазрауи (Йоро, 71), Магуайр, Де Лигт, Доргу, Каземиро (Гарначо, 62), Угарте, Фернандеш, Зиркзе, Ҳойлунд (Оби, 70). 
Огоҳлантиришлар: О'Брайен (45+3), Гарнер (63), Янг (79), Оби (90).

Инқироз ҳолатидаги «МЮ» «Эвертон»га қарши ўйин олдидан турнир жадвалида ушбу рақибдан пастда эди. Ўйиндан кейин ҳам бу ҳолат ўзгармади. Мерсисайдликлар Дэвид Мойес бошқарувида кучли оралиқни ўтказмоқда. Яқинда «Гудисон Парк»да «Ливерпул» ғалабага эриша олмаганди (2:2), энди «ирислар» «қизил иблислар» дарвозасига биринчи бўлимдаёқи иккита гол урди, меҳмонлар мудофааси Бетуга қарши чора топа олмади. Аввалига — бурчак зарбасидан кейин тўп жарима майдонида ушланиб қолди ва ушбу форвард тўпга якуний зарбани берди. Кейин эса Бету қарши ҳужумда Ҳаррисонни тўп билан таъминлади, у эса Магуайрни алдаб ўтиб зарба берди. Онана унинг зарбасини тўсди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб Дукуре етиб келди.

Танаффусгача 2:0 ҳисобидан кейин «Юнайтед» мухлисларида амалда мағлубиятдан қутулиб қолиш умиди йўқ эди, аммо бу сафар Рубен Аморим шогирдларидан қисман рози бўлиши мумкин. Унинг жамоаси иккинчи бўлимда бурилиш ясади ва ўйиннинг охирги қисмини жуда ёрқин ўтказди, бу дақиқаларда Бруну Фернандеш ўзини кўрсатди. Сардор аввалига жарима зарбасидан чиройли гол урди, «иблислар» АПЛда охирги марта 2022 йил апрелида, Криштиану Роналдунинг зарбаси билан шундай гол уришганди. Кейинги стандартда — Брунунинг узатмасидан кейин — Угарте ҳисобни тенглаштирди. Ва ҳисоб 2:2 ҳолатида Пикфорд Фернандешнинг зарбасидан кейин тўсин остига бораётган тўпни қайтариб қолди.

Бундай сценарийда «МЮ» навбатдаги мағлубиятини қабул қилишини тасаввур қилиш қийин эди. Ҳолбуки бундай эҳтимол ҳам юзага келди, чунки қўшимча дақиқаларда — Онананинг яна бир ажойиб сейвидан кейин — жарима майдони ичида «Юнайтед»нинг шонли даврларидаги собиқ футболчиси Эшли Янг газонга қулади. Бош ҳакам аввалига 11 метрлик нуқтани кўрсатганди, лекин видеотакрорда фахрий футболчи актёрлик санъатини намойиш этгани кўриниб қолди ва мониторга борган рефери ўз қарорини ўзгартирди. Адолат ғалаба қозонди, психология нуқтайи назаридан бу дуранг «МЮ» учун амалда ғалабага тенг бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Арсенал» — «Вест Ҳэм» 0:1
Гол:
Боуэн (44). 
«Арсенал» — Райя, Калафиори (Люис-Скелли, 56), Габриэл, Салиба (Уайт, 86), Тимбер, Райс (Зинченко, 56), Парти, Эдегор, Троссар, Мерино, Нванери (Стерлинг, 81). 
«Вест Ҳэм» — Ареоля, Скарлз, Уан-Биссака, Крессуэлл, Килмен, Тодибо (Мавропанос, 62), Алварес (Солер, 88), Уорд-Проуз, Соучек, Қуддус, Боуэн (Фергюсон, 82).
Огоҳлантиришлар: Тодибо (61), Скарлз (78), Парти (86), Уорд-Проуз (90+10). 
Четлатиш: Люис-Скелли (73). 

«Арсенал» сўнгги вақтларда барқарор эмас. Аввал «Манчестер Сити»ни йирик ҳисобда тор-мор этди (5:1), кейин «Нюкасл» мағлуб бўлиб (0:2) Англия лигаси кубогини тарк этди. Жамоа ҳужум чизиғида улкан муаммолар юзага келган, жамоада амалда номинал форвард йўқ. Ўтган турда Лестерга қарши ўйинда рақиб таянч яримҳимоячиси Меринони ҳужум марказига ташлаш орқали ғалабага эришилганди. Аммо аутсайдерни Грэм Поттер бошқарувида жонлана бошлаган «Вест Ҳэм» билан солиштириб бўлмайди. Шанба куни «болғачилар» ҳимояда сифатли ҳаракатланди, биринчи бўлим охирида эса «канонирлар»ни қарши ҳужумда жазолади.

Ван-Биссака қанотда Калафиоридан устун келди, унинг жарима майдонига узатмасидан кейин эса мезбонларнинг икки ҳимоячиси доғда қолдюи. Аниқроғи улар бир-бирига ишониб қолди ва бундан Боуэн фойдаланиб кетди. У энди Антониодан кейин «Вест Ҳэм»нинг АПЛда 50 та гол урган иккинчи футболчиси бўлди. Иккинчи бўлим ўрталарида Микел Артетанинг муаммолари янада ортди. Калафиорининг ўрнига туширилган 18 ёшли Люис-Скелли майдон марказида тўп учун курашда Қуддусни йиқитди.

Муаммо шундаки, лондонликларнинг бошқа бир ҳимоячиси ёш шериги билан бир чизиқда турган бўлса-да, нариги қанотга яқинроқ жойлашганди ва у рақибга етиб олиши даргумон эди. Дарвозабон Райя эса дарвозасидан тахминан 35 метр масофага узоққа чиқиб кетганди. Шундай экан, аввалига сариқ карточка кўрсатган ҳакам мониторга борганидан кейин қарорини ўзгартириб, мезбонлар футболчисини майдондан четлатди. Бу «Арсенал» футболчилари учун жорий мавсумдаги бешинчи қизил карточка бўлди. Шу тариқа, «канонирлар» «Ливерпул» билан орадаги фарқни қисқартириб олиш имкониятидан фойдалана олмади ва амалда чемпионлик учун курашдан чиқди. «Бу АПЛда керак бўлган даражадан пастроқ», — деди ўйиндан кейин Артета. Поттер эса фаолиятида «Эмирейтс»даги беш ўйиндан тўртинчи ғалабасини нишонлади. У «Арсенал» майдонидаги ғалабалар фоизи бўйича пешқадам, сон бўйича фақат Хосеп Гвардиола (8) ва Юрген Клопп (6)дан ортда.

«Ипсвич» — «Тоттенҳэм» 1:4
Голлар:
Ҳатчинсон (36) — Жонсон (18, 26), Спенс (77), Кулусевски (84). 
«Ипсвич» — Палмер, Дэвис, Гривз, ОШи, Годфри (Вулфенден, 46), Каюсте (Тэйлор, 52), Филлипс (Морси, 80), Кларк (Броудҳед, 68), Ҳатчинсон, Филожин-Байдейс, Делап (Ҳерст, 79). 
«Тоттенҳэм» — Викарио, Удожи (Порро, 65), Данзо, Грэй, Спенс, Бергвалл (Биссума, 85), Бентанкур, Кулусевски, Сон (Одобер, 74), Тел (Скарлетт, 74), Жонсон (Мэддисон, 64). 
Огоҳлантиришлар: Жонсон (15), Кларк (32), Годфри(40).

Асосий футболчилар соғайиб, формага кириб бориши билан «Тоттенҳем» ҳам аста-секин ўзига келмоқда. «Шпорлар» ўзининг ҳақиқий кучини Ипсвичдаги учрашув кўрсатди, у ерда биринчи бўлим ўрталарида Жонсон Сон Ҳёнг Мин ёрдамида икки гол урди. Кейин ҳисоб қисқарди ва бир мунча вақт вазият қалтис бўлиб турди, аммо ўйин охирида Ангелос Постекоглуни ёшларнинг фахрийлар билан уйғунликдаги ҳаракатлари мамнун қилди. Мэддисон Спенсга АПЛдаги илк голини уришга ёрдам берди, захирадан майдонга тушган Скарлетт эса Кулушевскига ассистентлик қилди. Шу тариқа, «Тоттенҳэм» мавсумда илк бор чемпионатда кетма-кет уч ўйинда ғалаба қозонди.

«Астон Вилла» — «Челси» 2:1
Голлар:
Асенсио (57, 89) — Фернандес (9).
«Астон Вилла» — Мартинес, Матсен, Мингз (Богард, 59), Конса, Кэш (Гарсия, 70), Тилеманс, Макгинн, Рэмзи (Рэшфорд, 46), Асенсио, Рожерс (Мален, 78), Уоткинс (Бэйли, 77). 
«Челси» — Йоргенсен, Кукуреля, Колуилл, Чалоба (Адарабиойо, 8), Гюсто, Кайседо, Жеймс, Нкунку (Санчо, 76), Фернандес, Палмер, Нету.
Огоҳлантиришлар: Фернандес (56), Макгинн (69), Нкунку (72), Кайседо (89).

«Челси»нинг яқинда Энцо Мареска тилга олган ЕЧЛга қайтиш орзулари қуёш тиғидаги қор каби эриб бормоқда. Одатдагидан фарқли ўлароқ Энцо Фернандеснинг голи ҳам ғалабани таъминлай олмади. Тўққизинчи дақиқадаёқ аргентиналик ҳужумчи тезкор қарши ҳужумга қўшилган ва Педру Нетунинг қанотдан узатмасини голга айлантирганди. Аммо бу сафар лондонликлар ҳисобдаги устунликни сақлаб қололмади. «Челси» бу мавсумда тўртинчи марта танаффусга қадар ҳисобда олдинда борган ўйинларида ғалабага эришолмади (=2-2).

Жамоа ўйинига биринчи бўлимда ҳимоячи Чалоба жароҳат олгани ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Аммо «Астон Вилла» ҳам худди шу сабаб туфайли Мингзни йўқотди. Фақат Унаи Эмери ихтиёрида нисбатан сифатли захира ўриндиғи бор ва иккинчи бўлимда қишда олиб келинган футболчилар ўйинни ўзгартиришди. Аввалига рикошетдан фойдаланиб тўпга эга чиққан Рэшфорд уни бўш дарвоза қаршисига юмалатиб берди, сўнгги дақиқаларда эса Маркус яна бир бор Асенсионинг голига ҳаммуаллифлик қилди, ғалаба голида лондонликлар дарвозабони Йоргенсеннинг қўпол хатоси ҳам муҳим рол ўйнади. Биринчи даврада чемпионлик учун курашиб кўрган «Челси» энди олтинчи ўринда қолмоқда, «Вилла» эса бир очколик фарқ билан таъқиб эта бошлади.

Испания: юқорида рокировка

«Валенсия» — «Атлетико» 0:3
Голлар:
Алварес (12, 30), Корреа (86).
«Валенсия» — Мамардашвили, Москера, Таррега, Фулке, Хайме (Андре Алмейда, 65), Герра, Гайя, Барренечеа (Диего Лопес, 80), Пепелу (Дуро, 46), Риоха (Франсиско Перес, 73), Содиқ (Рафа Мир, 74), 
«Атлетико» — Облак, Аспиликуэта (Галлаҳер, 46), Лангле, Ле Норман, Молина, Лино (Галан, 46), Лоренте, Де Паул, Симеоне (Хименес, 68), Алварес (Сёрлот, 74), Гризманн (Корреа, 68).
Огоҳлантиришлар: Лино (23), Лангле (40), Герра (42), Галан (64).

Чемпионлик пойгасидаги биринчи қадамни «Атлетико» ташлади ва мадридликлар буни ишонч билан амалга ошириб, «Валенсия» сардори Гайянинг ла лигадаги юбилей 300-ўйинини барбод қилди. «Кўршапалаклар» жамоаси афсонасига ҳавас қилиб бўлмасди, чунки унинг жамоаси чуқур инқирозга тушиб қолган ва топ-клубларга рақобат қиладиган ҳолатда эмас. Биринчи гол жамоалар даражасидаги фарқни яққол кўрсатиб берди, унда асосий ишни Гризманн бажарди. Унинг ҳимоячилар ортига оширган заргарона пасидан кейин Самуэл Лино гол уриши керак эди, аммо унинг дарвозабон билан яккама-якка вазиятда йўллаган зарбаси тўсинга тегди.

Аммо бундай яхши пас бекор кетмади ва қайтган тўпга биринчи бўлиб Жованни Симеоне етиб келди ва у тўпни қулай вазиятдаги Хулиан Алваресга ташлаб берди. Кейин эса аргентиналик тўпурар ва Гризманн бошқа футболчилар иштирокисиз иккинчи голни уришди, бу вазиятда француз футболчиси тўпни жарима майдони марказига етказиб берди. Ўйин охирида эса захира ўриндиғи қироли Корреа мезбонларни узил-кесил таслим қилди. Бу Анхелнинг ла лигада жокер ролидаги 24-голи бўлди ва у бу кўрсаткич борасида турнир тарихида тўртинчи ўринга кўтарилди.

Корреа бу рўйхатда Валтер Пандианини ортда қолдирди. Кейинги мўлжал — 27 тадан гол урган де Паул ва Мессига етиб олиш, биринчи ўринда эса ўтган мавсум якунида бутсаларини михга илган «Жирона»нинг 38 ёшли фахрийси Стуани (29 гол) жойлашган. Бу ғалабадан кейин Диего Симеоне жамоаси камида бир неча соатга турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди ва рақобатчилари хатосини кута бошлади.

«Лас-Палмас» — «Барселона» 0:2
Голлар:
Олмо (62), Торрес (90+5). 
«Лас-Палмас» — Силлессен, Мунйос, Мармол, Суарес, Вити (Пессолеси, 85), Байчетич (Бенито Рамирес, 86), Эссугу (Кампаня, 67), Молейро (Фустер, 67), Хави Мунйос, Сандро Рамирес, Макберни (Мата, 66).
«Барселона» — Шесни, Балде, Кубарси, Эрик Гарсия, Кунде, Педри (де Йонг, 85), Касадо, Рафиня (Мартин, 90+7), Лопес (Олмо, 46), Ямал (Ферран Торрес, 85), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Суарес (81), де Йонг (82).

Мантиқан қараганда, мадридликлар «Барселона»дан совға кутиши қийин эди, аммо ўтган турда кўк-анорранглилар «Райо Валекано» билан ўйинда қийинчиликка учраб, базўр минимал устунлик эришганди (1:0). «Лас-Палмас» эса ноябр ойи охирида Ҳанс-Дитер Флик шогирдларини тўхтатганди (1:2). Умуман олганда, каталонияликларда бу мавсум жадвалнинг иккинчи ярмидаги рақиблар билан муаммолар сурункали тус олган ва бу ўйин дебютида қуйи лигага тушиб кетмаслик учун курашаётган «Лас-Палмас» тезкор гол билан пешқадамни шошириб қўйишига бир бахя қолди. Фаворитлар эса биринчи бўлим давомида яққол вазият ярата олмади.

Флик танаффусдаёқ Фермин Лопес ўрнига Дани Олмони туширишга қарор қилди ва бу ўзини оқлади. Ўйин тақдирини Европа чемпионлари ҳал этишди. Олмо ҳужумни бошлаб берди ва рақиб жарима майдонига отилиб кириб, Ямалнинг узатмасига очилди. Кейин ўз маҳоратини намойиш этиб, дриблинг билан ҳимоячини йўлдан олди ва тўсин остига қайтариб бўлмас кучли зарба йўллади. Аммо бу ҳал қилувчи вазият эмасди. Кўп ўтмай «Барса» жарима майдонидаги эпизоддан кейин ўйиндаги кескинлик энг юқори чўққисига чиқди - арбитр вазиятни қайтадан кўриш учун монитор қаршисига борди.

Аммо Эрик Гарсия жарима майдони ичида тўпни қўл билан тўхтатиб қолган бўлса-да, ҳал қилувчи омил ҳужум давомидаги офсайд ҳолати бўлди.

Ҳакамнинг якуний қароридан кейин Рафиня худди гол ургандек хурсандчилик қилди, бразилиялик вингернинг ҳиссиётлари шу билан чекланмади ва қўшимча дақиқаларда Ферран Торресга ассистентлик қилди. Захирадан тушган ҳужумчи кучли пасдан кейин бир тегинишда тўпни ўзига бўйсундирди, иккинчи тегинишда интригага буткул барҳам берди. Йил бошидан буён бирор марта мағлуб бўлмаган «Барса» биринчи ўринга қайтди. Якшанба куни — «Реал» «Жирона» билан ўйинда ўз юришини амалга оширади.

Италия: Менянда кулгили хато ва Лаутаронинг серияси

«Торино» — «Милан» 2:1
Голлар:
Тиау (5, автогол), Гинейтис (76) — Рейндерс (74).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Пулишич (32). 
«Торино» — Милинкович-Савич, Бираги (Дембеле, 82), Коко, Марипан, Педерсен (Валюкевич, 70), Казадеи (Гинейтис, 70), Риччи (Линетти, 70), Элмаз (Карамо, 59), Влашич, Лазаро, Санабрия. 
«Милан» — Менян, Тео, Павлович, Тиав, Хименес (Чуквуэзе, 88), Рейндерс, Муса (Абраҳам, 54), Леау (Фофана, 46), Феликс (Соттил, 70), Пулишич, Хименес (Камарда, 88).
Огоҳлантиришлар: Муса (16), Риччи (27). 

Италияда шанба куни сюрприз билан бошланди — «Лацио» Венецияда голсиз дуранг қайд этди. Римликлар хавфли зонадаги жамоани мағлуб этолмаганидан «Ювентус» фойдаланиб қолиши мумкин, туринликлар якшанба куни «Каляри» устидан ғалаба қозонса, тўртинчи ўринга чиқиши ва Чемпионлар лигасини эрта тарк этганини қисман ювиши мумкин.

«Милан» эса асосий еврокубокдаги фиаскодан кейин ҳам чўкишда давом этмоқда. ЕЧЛда ҳам ишончли ўйин кўрсата олмаган Менян ички чемпионатда ҳам уялтирмоқда. Яқингача А сериянинг энг яхши дарвозабони саналган француз ўта қўпол хатога йўл қўйди: у мавсумнинг энг кулгили голлари коллекциясини тўлдирди. Рақибнинг оддий узатмасидан кейин жарима майдонини ташлаб чиққан дарвозабон тўпни узоқлаштириш ўрнига уни жамоадоши Тшаунинг кўксига қарата тепди ва бу автоголга айланди. Малик ўзи истамаган ҳолда мавсумда иккинчи бор ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди.

Шанба кунги муаммолар кулгили хато билан чекланиб қолмади. Пулишич шу куни фантастик ўйин кўрсатган Ваня Милинкович-Савич билан дуэлда пеналтини голга айлантира олмади. Бу йилги чемпионатда сербиялик посбон ўз дарвозасига қўйилган бешта пеналтидан тўрттасини қайтарган. Бу нафақат А Сериядаги, балки Европанинг кучли бешлик чемпионатларидаги максимал кўрсаткичдир. Менян ҳам ўз айбини ювишга уриниб, биринчи бўлимда сейвлари билан «Милан» таслим бўлишига йўл қўймади, аммо Рейндерснинг ҳисобни тенглаштирган голидан икки дақиқа ўтиб амалга оширилган жавоб ҳужумида қутқара олмади. Литвалик Гинейтиснинг узоқ бурчакка йўллаган зарбаси идеал кўриниш олди. Паоло Ваноли бу мавсумда россонерилар билан ўйинларда 4 очко тўплади ва Сержиу Консейсау жамоаси еврокубоклар олтилигига кириши учун айнан шунча очко етишмаяпти.

«Интер — «Женоа» 1:0
Гол:
Мартинес (78).
«Интер» — Жозеп Мартинес, Бастони (де Врей, 80), Ачерби, Павар, Аслани (Чалхонўғли, 65), Мхитарян (Зелински, 65), Барелла, Димарко (Дармиан, 85), Думфрис, Мартинес, Корреа (Торимий, 46).
«Женоа» — Леали, Аарон Мартин, Васкес, Бани, Сабелли, Френдруп, Мазини (Вентурино, 80), Миретти (Онана, 72), Эхатор (Жуниор Мессиас, 66), Заноли (Корне, 66), Пинамонти (Экубан, 66).
Огоҳлантириш: Миретти (56).

Биринчи ўринга кўтарилиб олиш имкониятига эга бўлган ва тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунликка эришган «Интер анча вақтгача «Женоа» мудофаасини бузиб ўтолмади. Шу билан бирга, «грифонлар» танаффусдан кейин қарши ҳужумда ҳисобни очишга яқин келишди, аммо вазиятни ҳимоячи Ачербининг қалтис подкати қутқариб қолди. Фахрий ҳимоячи бармоғини синдириб олгани туфайли операция қилинган Зоммерни алмаштирган Хосеп Мартинеснинг жонига ора кирди.

Кейинроқ илгари «Женоа»да ўйнаган испаниялик посбон ҳам яқин масофадан йўлланган зарбани тўсиб, ўзини кўрсатишига тўғри келди, аммо шундан кейин меҳмонлар бошқа хавфли вазиятлар яратишмади. Симоне Индзаги танаффусда Корреа ўрнига Торимийни туширганидан сўнг, нерадзуррилар босими тезлик ошишига мутаносиб равишда ўсиб борди. «Грифонлар» бир вазиятда тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатишди, Леали Лаутаро Мартинес ижросидаги зарбадан кейин қаҳрамонлик кўрсатди, Барелланинг зарбасидан кейин тўп устун ва тўсин туташган жойга борди — ҳадеганда мезбонларнинг омади келавермади. Кейин эса Ҳоқон Чалхонўғли ўйинга қўшилди ва унинг бурчак зарбаси Лаутаронинг голига олиб келди.

Шундан сўнг ноябр ойидан буён Патрик Виейра мураббийлик қилаётган «Женоа» яна ҳужумга ўтди. Жамоа айрим вазиятларда жавоб голига жуда яқин эди, шу билан бирга Торимийда ҳам яққол голли вазият юзага келди, аммо эронлик ҳужумчининг яқин масофадан зарбаси дарвозабоннинг ўзига борди. Лаутарода ҳам ҳисобдаги фарқни ошириш учун имкониятлар бўлди, якунда эса ҳисоб ўзгармай қолди. Аргентиналик ҳужумчи эса «Интер» сафида қаторасига олтинчи мавсумда камида 10 та гол ураётган илк легионерга айланди. Биринчи ўринга чиқиб олган миланликлар энди якшанба куни «Наполи» очко йўқотишини кутади.

Германия: Гирассининг покери

«Ҳолштайн Кил» — «Байер» 0:2
Голлар:
Шик (9), Адли (45). 
«Байер» — Ковар, Тапсоба, Та, Инкапиэ, Грималдо, Андрих, Жака, Фримпонг (Мукиеле, 83), Адли (Буэндия, 70), Виртц, Шик (Бонифасе,  83). 

«Байер» дебютда «Ҳолштайн» ҳимоясини шунчаки янчиб ташлади, ҳимоячиларни масхара қилган Адли эса майдон чизиғидан дарвозабон ҳудудига юмшоқ пас берди, бу ерда Шик ҳаммадан илдамроқ ҳаракат қилди. Танаффус арафасида эса Адлининг ўзи Вирцнинг узатмасидан кейин «Байер»нинг ҳисобдаги устунлигини оширди. Бу Флориан учун чемпионатдаги ўнинчи голли узатма бўлди ва у кетма-кет иккинчи мавсумда бундай кўрсаткичга эришмоқда. «Кучли бешлик»да бундай ишни фақат Салоҳ уддалаган, Хаби Алонсо эса яна Бундеслиганинг рекордлар китобини қайта ёзмоқда. Испаниялик мутахассис 28 та сафар ўйинида мағлубият нималигини билмаяпти ва ўтган асрнинг 80-90-йиллари оралиғида «Бавария» ва «Кёлн» бошқарувида қўрқинчли меҳмон вазифасини бажарган Удо Латтекнинг натижасини ортда қолдирди.

«Боруссия» Д — «Унион» 6:0
Голлар:
Лейте (25, автогол), Гирасси (40, 75, 80, 83), Байер (89).
«Боруссия» Д — Кобел, Бенсебайни (Свенссон, 70), Шлоттербек, Жан, Рюэрсон (Ян Коуто, 85), Гросс, Забитцер (Ўзжан, 85), Рейна (Чуквуэмека, 70), Байер, Адейеми, Гирасси (Гиттенс, 85).
«Унион» Берлин — Реннов, Роте, Диогу Лейте, Дуки, Юранович, Тузар (Ҳаберер, 57), Хедира (Бенеш, 57), Холлербах (Любичич, 72), Шефер (Кверфелд, 82), Чон Ву Ён (Скарке, 72), Илич. 
Огоҳлантиришлар: Хедира (17), Бенсебайни (50), Тузар (56), Рейна (58).

ЕЧЛда биринчи ўйиндаёқ масалани ҳал қилиб 1/8 финалга йўл олган «Боруссия» «Спортинг» билан жавоб ўйинида урилмай қолган голларини «Унион» дарвозасига урди ва бундеслигадаги вазиятни аста-секин ўнглаб бормоқда. Биринчи бўлим ўрталарида берлинликлар ҳимоячиси Диогу Лейте Рюэрсоннинг зарбасидан кейин тўпни тўсишга уриниб, автогол муаллифига айланди. Кейин эса меҳмонлар дарвозабон ҳудудида турган Гирасси Гроссининг узатмасини голга айлантиришига қаршилик қила олмади. Иккинчи бўлимда эса «Унион» мудофааси буткул парокандаликка учради. Меҳмонларга раҳми келган ҳакам асосий вақтга бир сония ҳам қўшмасдан финал ҳуштагини чалди - шу куни Гросс тўртта голли узатма амалга оширди. Гирассининг ҳисобида ҳам шунча гол. Гвинеялик футболчи фаолиятидаги илк покерини амалга ошириб, Дортмундга Обамеянг ва Ҳоланднинг худди шундай бенефиси ҳақида эслатиб қўйди. «Сигнал Идуна Парк»да ажойиб ҳафта, фақат еврокубок зонасигача ҳали анча бор.

Мавзуга оид