Жаҳон | 14:59 / 03.03.2025
6056
2 дақиқада ўқилади

Уфада нефтни қайта ишлаш заводи ёниб кетди

Уфа нефтни қайта ишлаш заводида кучли ёнғин содир бўлди, деб хабар берди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Mash Telegram-канали учувчисиз учоқ ҳужуми юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Фото: ГУ МЧС

Уфа нефтни қайта ишлаш заводида ("Башнефть") ёнғин кузатилмоқда. Бу ҳақда 3 март, душанба куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

«Бугун тунда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куч ва воситалари Уфа нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида содир бўлган ёнғин ҳақида юқори даражадаги хабар бўйича жўнаб кетди», — дея «Интерфакс» агентлиги матбуот хизматидан иқтибос келтирмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ёнғин ёқиш печи ҳудудида содир бўлган.

Идоранинг таъкидлашича, яқин атрофдаги аҳоли учун хавф йўқ. Воқеа жойига ҳаво сифатини назорат қилиш учун лаборатория юборилган.

Mash: Фуқаролар дронлар шовқинини эшитган

Mash Telegram-каналига кўра, заводда портлаш содир бўлган ва ундан олдин «фуқаролар дронлар шовқинини эшитишган». Ҳатто квартираларда ҳам силкинишлар сезилди, дея қўшимча қилинди.

SHOT Telegram-каналига кўра, ёнғин 100 квадрат метр майдонни қамраб олган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Канал шунингдек, портлаш ҳақида хабар берган. «Қаттиқ овоздан автомобиллар сигналлари ишлаб кетди», дейилади хабарда.

Ёнғин бошланганидан бир неча соат ўтгач, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бошқирдистон департаменти ёнғин ўчирилгани ҳақида хабар берди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид