Технология | 11:07 / 03.03.2025
8996
3 дақиқада ўқилади

Хитой ҳуманоид роботи кунг-фу устасига айланмоқда

Unitree компанияси G1 рақамли ҳуманоид роботини кўрсатди. У идеал мувозанатни сақлаб, зарба бериш, бурилиш ва сакраш қобилиятларига эга.

Фото: Unitree Robotics

Хитой роботи мураккаб ҳаракатларни бажаришни ўрганиб олди, энди у кунг-фу усулларини ўзлаштирмоқда. Робот такомиллаштирилган алгоритм туфайли янги ҳаракатларни бажара олади. Дастлаб у виртуал муҳитда машқ қилади, бу ерда видеоёзувлар ва махсус технологиялар ёрдамида инсоннинг хатти-ҳаракатларини ўрганади. Сўнгра ўзлаштирилган кўникмалар ҳақиқий қурилмага ўтказилади, бу эса унга мураккаб ҳаракатларни юқори аниқлик билан бажариш имконини беради.

Фото: Unitree Robotics

Компания томонидан эълон қилинган видеода G1 қойилмақом эпчилликни намойиш этган. У нафақат рақсга тушиб, акробатик ҳаракатларни бажаради, балки жанг санъатларига хос аниқ зарбаларни ҳам кўрсатади.

Фото: Unitree Robotics

Олимлар машинавий ўрганиш, биомимика ва робототехникани ўз ичига олган технологиялар комбинациясидан фойдаланмоқда. Улар инсон ҳаракатларини сенсорлар ёрдамида таҳлил қилиб, инсон биомеханикасига тақлид қиладиган моделларни яратяпти. Бундан ташқари, тадқиқотчилар роботларга тажрибадан ўрганиш ва ривожланишга ёрдам берадиган сунъий интеллект алгоритмларини бирлаштирмоқда.

 Unitree турли шароитларда, жумладан ишлаб чиқариш, тиббиёт ва уй-рўзғор соҳасида ишлатишга мўлжалланган роботларни яратмоқда. Компания бундай қурилмалар одамларнинг ёрдамчисига айланиб, кундалик ва мураккаб вазифаларни бажаришига ишонч билдирмоқда.

G1 ни ўқитишда қўлланган Sim2Real технологияси ҳуманоидга дастлаб рақамли муҳитда ҳаракатларни ўзлаштириш, сўнгра уларни реал ҳаётга кўчириш имконини беради. Бундай усул ўқув жараёнини хавфсиз ва самарали қилади. Бундан ташқари, компания ўзининг маълумотлар базасини очиб қўйди, бу бошқа тадқиқотчиларга ўз ишланмаларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

H1 ва H1-2 каби такомиллашган робот моделлари янада каттароқ имкониятларга эга. 2024 йилда H1 модели соатига 11,88 километр тезликка эришиб, Гиннес рекордини ўрнатганди. G1 эса ихчамлиги ва арзонлиги билан ажралиб туради, шу сабабли у робототехника соҳасидаги янги ечимларни синаб кўриш учун қулай ҳисобланади. Unitree технологияларни ривожлантириш ва роботлар ҳаракатини янада табиийлаштиришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Янги йил байрамида Unitree компаниясининг роботлари рақсга тушганди. Фестивалда 16 та ҳуманоид робот одамлар билан бирга анъанавий Янге рақсини моҳирона ижро этиб, томошабинларни ҳайратда қолдирган.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид