Жаҳон | 19:18 / 06.03.2025
6701
6 дақиқада ўқилади

Ўжаланнинг чақириғи: Бу Эрдўғаннинг ҳокимиятини узайтирадими?

Курдистон Ишчилар партияси етакчиси Абдулла Ўжаланнинг исёнчиларга қуролларини ташлаш чақириғини айримлар Эрдўғаннинг президентликка қайта сайланишига йўл очувчи қадам деб кўрмоқда. Хўш, бу чақириқ катта геосиёсий ўзгаришлардан дарак берадими? “Геосиёсат”да мавзу юзасидан сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Фазлиддин Мадиев шарҳи.

— Ўжаланнинг чақириғи ортида яширин дипломатик келишувлар бўлиши мумкин? Нега орадан 26 йил ўтиб, бундай қарорга келинди?

Фарҳод Каримов: Геосиёсий вазият ўзгарган, тўғри, лекин бундай ҳаракатлар олдин ҳам бўлган. 1998-1999 йилларда бир йил давомида Ўжалан қидирувда бўлган. Суриянинг ўша вақтдаги раҳбари Ҳафиз Асад унга сиёсий бошпана беришдан бош тортгандан кейин мажбур бўлиб, аввал бир нечта Осиё давлатларида бўлган, кейин Африкага қочган, ўша пайтда Кенияда қўлга олинган эди. Туркия унга бир умрлик қамоқ жазоси тайинлаган ва жазони Мармар денгизидаги қамоқхонада ўтаётганди.

Шундан буён Ўжалан туркий курдлар ва ўз тарафдорларини доимий равишда қуролларни ташлашга чақириб келган. Биринчи чақирув 2009 йил бўлган эди. 2009-2011 йилларда Ослодаги Курдистон партияси ўртасидаги музокаралар даврида ҳам бу масала айтиб ўтилганди. Яъни ўшанда ҳам Ўжалан биз сиёсий мақсадларимизни ўзгартирамиз, бизга мустақил давлат керак эмас, балки Туркия таркибида ўзимизнинг сиёсий ва инсон ҳуқуқларимиз таъминланса, ўз тилимизда таълим бўлса, мактаблар, газета ва журналлар нашрлар бўлса, биз ҳарбий курашдан қайтамиз, деган.

Лекин 2011 йилда Туркиядаги вазият ва у ердаги миллий-этник зиддиятлар ортидан бундай музокаралар яна тўхтаб қолганди. 2016 йил Туркияда давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатлари сабаб бу масала яна ортга сурилди.

Сурияда ҳукумат декабр ойида ўзгарган бўлса, Ўжаланнинг чақириқ қилиши ҳақидаги дастлабки маълумотлар октябр ойида айтила бошланган эди.

Туркия дипломатияси бир неча бор Ироққа борди, у ердаги курдларнинг етакчи Барзонийлар оиласи билан ҳам учрашган эди. Барзоний билан у ерда Туркиядаги курдлар партияси билан мулоқотларни узиш ва уларни қўллаб-қувватламаслик ҳақида келишувлар ҳам бўлганди.

Декабр ойида Сурияда Асад ҳокимиятдан кетди (курд террорчиларининг асосий базалари Сурия ва Ироқ-Эрон ўртасидаги “Қандил”да эди) ва у ерда Туркияга хайрихоҳ шахс Аҳмад аш-Шаръанинг ҳокимиятга келиши минтақадаги муҳитни ўзгартириб юборди.

Бу эса ҳамкорларни йўқотган Курдистон ишчилар партияси ва бошқа кучларни Туркия билан келишишга мажбур қилди.

— Исёнчи курдлар Туркияга қарши восита эди. Катта куч марказлари ниманинг эвазига Анқарага ён берди?

Фазлиддин Мадиев: Бу савол Туркия жамоатчилигини ҳам ўйлантиряпти. Мавҳум саволлар мавжуд. Масалан: Ўжаланнинг чақириғи ортида ҳукумат билан яширин дипломатия борми, унга нима таклиф қилинди, деган мунозарали нуқталар мавжуд.

Лекин ростдан ҳам дунёда бугун геосиёсий муҳит ўзгарди ва Курд давлатини қуриш иккиламчи даражага тушди. Чунки Суриядаги ўзгарган ҳокимият ва Американинг кейинги пайтда юритаётган сиёсати, яъни Трампнинг ташқи ёрдамларни қисқартириш сиёсати Туркия ҳукумати томонидан олдиндан сезилди. Бу балки Исроил ва Америка билан аввалдан муҳокама қилинган ва Туркия бу масалани ўз манфаати томон оғдира олди.

Туркия учун курд айирмачилиги бу – давлатчилик масаласи. Шундай экан, расмий Анқара куч ишлатиб бўлса ҳам мамлакат бирлигини сақлашга ҳаракат қилган бўлар эди.

Ҳар доим танқид қиладиган мухолиф партиялар ҳам бу келишувдан аслида мамнун эканликларини қисқача баёнотлар орқали билдиришяпти.

— Курд диаспорасининг Ўжалан чақириғига муносабати қандай?

Фарҳод Каримов: Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан минтақадаги курдлар асосий истиқомат қиладиган давлатлар ва жамоат етакчилар билан фаол музокаралар олиб борди, ундан ташқари асосий нуқта бўлмиш Сурияда бугун Курд жангарилари фаолияти ҳам сўроқ остида турибди.

Абдулла Ўжалан ўзи сиёсатшунос, Анқара давлат университетини тамомлаган. Шунинг учун ҳам у жуда таҳлилий, прагматик сиёсатни тушунади ва шундан келиб чиқиб, барчага мурожаат қилди деб ўйлайман. Бу мурожаатнинг ишончли эканини яна битта нарса исботлайди: Ўжаланнинг жиянига қамоқхонага бориб кўриб келиш рухсати берилган экан. Айнан жияни орқали партия унинг чақириғи юзасидан аниқ маълумот олишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин.

Ўйлайманки, асосий эътибор Суриядаги оппозицион кучларга ва курд ишчи партиясига қаратилган. Агар Суриядаги ҳаракатлар тўхтайдиган бўлса, атрофдаги курдлар бу масалага аралашмаслиги табиий.

Улар ўртасида фарқ борлигини биламиз. Улар ҳаммаси бир хил тилда гапирмайди: курманжи, зазак тилларда ва форс тилида ҳам гаплашишади. Курдлар орасида диний жиҳатдан ҳам бирлик йўқ: ярми шиавий, ярми сунний. Масалан, Туркияда яшайдиганларнинг кўпи сунний курдлар ҳисобланади. Суриядаги курд айирмачилари Туркияга қарши курашишни тўхтатса, бошқалар ҳам қуролларни ташласа керак.

Фазлиддин Мадиев: Ўжаланнинг чақириғидан кейин, атрофдаги бошқа курд гуруҳлар ҳам лидерга қулоқ тутиши ҳақида баёнотлар билан чиқишди. Ўжаланга итоат қилмайдиган жамоатлар эса Туркия билан бу масалада нейтрал позицияда эканини айтяпти.

Масалан, Эрондаги курдлар Сурия ва Ироқдагилардан умуман фарқ қилади, яъни улар форс жамиятига деярли интеграция бўлиб улгурган.

Лекин умумий қарайдиган бўлсак, Туркиянинг мақсади атрофдаги давлатлар билан келишмовчиликларни нол даражага тушириш. Эрдўғаннинг ўзи ҳам энди янги бир тарихий саҳифа бошлангани, турклар ва курдлар ўртасида муаммо йўқлигини айтиб баёнот берди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид