Жаҳон | 20:37 / 10.03.2025
5634
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Тожикистонга чегара хавфсизлигини яхшилашга ёрдамлашади

Тегишли меморандум ЕИ билан Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси томонидан имзоланди.

Фото: Asia-Plus

Европа Иттифоқи Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарадош Сўғд вилоятидаги объектлар қурилиши учун 3 миллион евро ажратди. Хусусан, табиий офатлар юз берганда бошпана қуриш режалаштирилган. Тегишли меморандум Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси томонидан имзоланди.

«Бу фавқулодда вазиятларга тезкорлик билан муносабатда бўлиш, жабрланган аҳолига ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва ҳатто эҳтимолий қочқинларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш имконини беради», дейилади баёнотда.

Шунингдек, иккита спорт майдончаси қуриш ҳам режалаштирилган. Объектлар Тожикистон президенти Имомали Раҳмон топшириғига асосан «Тожикистон-Қирғизистон чегара ҳудудларида барқарорликни мустаҳкамлаш ташаббуси (ISECA)» лойиҳаси доирасида қурилади.

2024 йил декабрь ойида Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари раисларининг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича учрашуви бўлиб ўтган эди. Томонлар келишувга эришди ва чегаранинг баҳсли участкалари тавсифини якунлади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги қарийб 1000 км узунликдаги чегара вақти-вақти билан тўқнашув зонасига айланиб қолади. 2022 йил сентябрида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида можаро келиб чиққан ва 59 киши ҳалок бўлган эди. Кейинроқ томонлар чегарани биргаликда қўриқлаш, можаро ҳудудидаги йўлни тўсиб қўйишга келишиб, тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги протоколни имзолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид