Буюк Британияда электр учар таксилар хизмати йўлга қўйилади
Бундай таксиларнинг биттаси учувчи, тўрт нафар йўловчи ва кичик ҳажмли юкни кўтара олади. Ушбу технология яқин келажакда АҚШ, БАА ва Японияга ҳам етиб боради.

Сунъий интеллект чизган сурат
АҚШнинг Joby Aviation компанияси Буюк Британияда электр аэротаксиларни йўлга қўйиш мақсадида Virgin Atlantic билан келишув имзолади. Шу тариқа Британия тижорий ҳаво таксиларини ривожлантиришни режалаштирган еттинчи мамлакатга айланади. Бироқ ишлар айнан қачон бошланиши номаълум. Joby дастлаб АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига эътибор қаратади, сўнгра Буюк Британия билан шуғулланишни бошлайди.
Дубайда дастлабки синов парвозлари жорий йил охири ёки келаси йил бошида ўтказилиши режалаштирилмоқда. АҚШда бу хизмат 2025 йилда ишга туширилиши керак эди, аммо маъмурий тўсиқлар туфайли лойиҳа кечиктирилди. Ўтган йили компания ўз ҳаво кемаларидан фойдаланиш учун рухсатнома олишга оз қолганини маълум қилган, бироқ ҳозирга қадар бунинг расмий тасдиғи олингани йўқ.
Буюк Британияда аэросервисни ишга тушириш учун Joby маҳаллий авиация бошқармасидан сертификат олиши зарур. Тегишли ариза 2022 йилдаёқ топширилган. Ҳамкорлик доирасида Virgin мамлакат бўйлаб Joby хизматининг ягона воситачисига айланади.
Хизмат ғояси йўловчиларни шаҳар марказларидан аэропортларга вертикал учиш-қўниш имкониятига эга электр аэротаксиларда ташишни кўзда тутади. Дастлабки йўналишлар Лондондаги Хитроу ва Манчестер аэропортларини боғлайди. Келажакда тармоқ кенгайтирилади. Virgin мижозлари ҳаво таксиларини компаниянинг махсус иловаси ва веб-сайти орқали банд қилиши мумкин бўлади.
Joby ҳаво кемаси бир учувчи, тўрт йўловчи ва кичик ҳажмли юкларни ташиш учун мўлжалланган. Ушбу инновацион учоқнинг энг юқори тезлиги соатига 320 километрга етади. Шу туфайли Лидс ва Манчестер орасидаги парвоз атиги 15 дақиқа вақт олади.
Хизматни тўлиқ жорий этишга ҳали кўп вақт керак бўлса-да, Joby ўз мақсади сари ишонч билан илгариламоқда. Келажакда компания нафақат Буюк Британия ва АҚШда, балки Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва Австралияда ҳам аэротакси хизматларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Тавсия этамиз
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг нархи қанча бўлади?
Ўзбекистон | 18:04 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16 / 25.03.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

11:02
Венесуэла президенти АҚШ давлат котибини «аҳмоқ» деб атади

08:35
FT: АҚШ Украинанинг барча ресурслари устидан назоратни қўлга киритмоқчи

08:07
«АҚШ билан олдинги муносабатлар тугади» — Канада бош вазири

22:36 / 27.03.2025