Ўзбекистон | 13:46 / 31.03.2025
17608
1 дақиқада ўқилади

Андижонда масжид таҳоратхонасида газ портлади

Жами тўққиз киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугун, 31 март куни Андижон вилояти Избоскан туманининг Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудидаги масжидда портлаш юз берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, содир бўлган ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши юзасидан Андижон вилояти ФВБга хабар келиб тушган.

Хабарга асосан вилоят ҳокими, ФВБ масъуллари ҳодиса жойига етиб борган. Вазият тўлиқ назоратга олинган.

Вазирликнинг дастлабки маълумотида ҳодиса оқибатида 6 киши тан жароҳати олгани айтилганди. Кейинроқ берилган қўшимча маълумотда жабрланувчилар сони 9 нафарга етгани маълум қилинди.

Уларнинг барчаси шифохонада керакли тиббий ёрдам олмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев ҳам воқеа жойига жўнаб кетган.

Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишча, портлаш туфайли масжид таҳоратхонаси қулаб тушган.

Мавзуга оид