Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия КХДР қўшинларини Қримга жойлаштириши мумкин
Тармоқларда Шимолий Кореянинг оғир артиллерия қурилмалари темирйўл орқали Қримнинг шимолий қисмига ташилаётгани тасвирланган видеолар тарқалди.
Фото: KCNA
Россия Қримга Шимолий Кореянинг «Коксан» оғир артиллерия қурилмаларини жойлаштиришни бошлади, бу яриморолга КХДР қўшинлари юборилишидан дарак бўлиши мумкин, деб ёзмоқда ZDF.
Нашр 26 март куни ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеога эътибор қаратган — унда артиллерия ускуналари темирйўл орқали Қримнинг шимолий қисмига ташилаётгани тасвирланган. Ҳозирга қадар Шимолий Корея қўшинлари Россия томонида туриб фақат Курск областидаги жангларда қатнашиб келаётган эди. ZDF’нинг қайд этишича, Украинага қарашли ҳарбий кучларнинг Россия ҳудудидаги плацдарми йўқ қилингандан сўнг Москва тез орада КХДР ҳарбий контингентини Қримга жойлаштириши мумкин.
Шу билан бирга, «Коксан» артиллерия қурилмалари ҳам таҳдид солиши мумкин — 170 миллиметр калибрга эга бу тўпларнинг зарба радиуси 40 километр бўлиб, ракета снарядларидан фойдаланганда 60 километр масофагача ўқ уза олади. Улар Россиянинг Курск областидаги қарши ҳужумида муҳим рол ўйнаган. Украина Қуролли кучлари дронлар ёрдамида бешта «Коксан» қурилмасини йўқ қилишга муваффақ бўлган. Бироқ Пхенян Москвага 200 га яқин шундай артиллерия тизимини етказиб берган бўлиши мумкин. Агар Россия армияси бу қуролларни Украинанинг жанубида жойлаштирса, улардан Херсон ва Запорижжя шаҳарларига ҳужум қилишда фойдаланиши мумкин.
2024 йил октябр ойидан буён КХДР, Жанубий Корея, Украина ва АҚШ маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош Курск областига 10 мингга яқин ҳарбий хизматчини жойлаштирган. Январ ойи охирида Американинг The New York Times газетаси ва Британиянинг Sky News телеканали Шимолий Корея қўшинлари йирик йўқотишлар туфайли фронт чизиғидан олиб чиқилгани ҳақида хабар берган эди.
Аввалроқ Сеул Пхенян Украинага қарши урушга қўшин юбораётгани, шунингдек, Россияни ракеталар, артиллерия ва ўқ-дорилар билан таъминлаётганини маълум қилганди. Жанубий Кореяга кўра, КХДРнинг 11 минг аскаридан 4000 нафари аллақачон ҳалок бўлган ёки яраланган.