Ўзбекистон | 16:19 / 04.04.2025
2118
5 дақиқада ўқилади

Самарқанд иқлим форуми ва унинг Ўзбекистон учун аҳамияти қандай бўлади?

Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида экологик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тарихий аҳамиятга эга бўлган минтақавий битим ва келишувлар имзоланиши кутиляпти. Шунингдек, иқлим ўзгариши ва экологик инқироз сабаблари ва уларнинг ечимлари бўйича таҳлиллар ўтказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жорий йил 4-5 апрел кунлари Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё экологик муаммоларга дуч келмоқда: барқарор ривожланиш ва фаровонлик учун минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» мавзусида биринчи халқаро иқлим форуми ўтказилади. Мазкур форум нафақат Марказий Осиё минтақасидаги иқлим муаммоларига ечим топиш, балки минтақавий экологик муаммоларга ҳамкорликни кучайтириш орқали аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқиш билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 Форумнинг Ўзбекистон учун аҳамияти

 Бугунги кунга келиб Ўзбекистон минтақадаги иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашиш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим қадамларни ташлаб келмоқда. Самарқанд иқлим форуми Ўзбекистонга бир қатор афзалликлар тақдим этади. Хусусан:

  • форум Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро экологик масалаларда етакчи давлат эканини кўрсатади. Бу эса бутун дунё давлатлари, экологик ташкилотлар, шунингдек, ташқи инвесторларнинг мамлакатга бўлган ишончини оширади;
  • мазкур форум давомида Ўзбекистон ўзининг «яшил иқтисодиёт» бўйича стратегия ва дастурларини намоён қилади ҳамда илғор ривожланган хорижий давлатлар мутахассислари билан тажриба алмашади;
  • Самарқандда халқаро даражадаги форум ўтказилиши шаҳарга сайёҳлар оқимини ошириш ва иқтисодий ривожланишга туртки бериши билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Форумда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари, 80 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этиши кутилмоқда.

 Форумнинг Марказий Осиё давлатлари учун аҳамияти

Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатлар ҳам иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўрмоқда. Жумладан, ушбу минтақада яйловлар қуриб бораётгани, сув ресурсларининг тобора камайиб, танқис бўлаётгани ва чанг бўронлари бу муаммоларнинг аниқ мисоллари ҳисобланади.

Мазкур форум қуйидаги йўналишлар бўйича аҳамиятли ҳисобланади:

Минтақадаги ҳамкорликни кучайтириш – Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришлари ва экология соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришишлари кутилмоқда.

Муаммоларни комплекс таҳлил қилиш – Форумда иқлим ўзгариши ва экологик инқироз сабаблари ва уларнинг ечимлари бўйича таҳлиллар ўтказилади.

Янги технологияларни жорий этиш – Халқаро мутахассислар томонидан таклиф этиладиган янги экологик технологиялар минтақавий муаммоларга барқарор ечимлар топишда ёрдам беради.

 Саммит кун тартибида муҳокама қилинадиган асосий масалалар

  • сув ресурсларини тежамкорлик билан ишлатиш – ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ва минтақавий сув сиёсатидаги ҳамкорликни кучайтириш;
  • яшил энергетикага ўтиш – қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш орқали экологик соф энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш;
  • чўлланишга қарши кураш – ўрмонларни қайта тиклаш, шолипоя ва экологик тўсиқлар яратиш орқали чўлланиш жараёнларини секинлаштириш;
  • экологик саводхонликни ошириш – ушбу форумда экологик таълимни ривожлантириш бўйича дастурлар ҳам муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Форумдан кутилаётган натижалар

Самарқанд иқлим форуми ўтказиш орқали қуйидаги натижаларга эришиш мақсад қилинган:

Энг аввало, Марказий Осиё давлатлари ўртасида экологик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тарихий аҳамиятга эга бўлган минтақавий битим ва келишувлар имзоланади. Шунингдек, форум давомида халқаро ташкилотлар ва инвесторлар билан экологик лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳам келишувлар амалга оширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, форум натижасида ҳукуматлар иқлим ўзгариши ва экологияга оид янги стратегияларни қабул қилишлари кутилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу саммит халқаро ва маҳаллий олимлар ҳамкорлигида иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилиши ҳамда кенг жамоатчиликни минтақадаги экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида кўпроқ маълумот беришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир якунлари бўйича Самарқанд форумининг якуний ҳужжати – «Яшил» ривожланишнинг Минтақавий концепцияси тақдимоти режалаштирилган бўлиб, у иқлим ўзгариши соҳасида Марказий Осиё давлатларининг ягона минтақавий қарашларини шакллантиришга асос солади.

 Шерзод Зокиров, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид